Мадриднинг “Реал” клуби скаут хизмати жамоанинг асосий ярим ҳимоячиларидан бири Лука Модричга муносиб ўринбосар излаш кераклиги ҳақида топшириқ олди. Бу ҳақида SI.com нашри хабар берди.

39 ёшли хорватиялик футболчи жорий мавсумда юқори савияда ўйнашда давом этмоқда ва ҳозиргача 2000 дақиқадан ортиқ вақт майдонда ҳаракат қилди. Шунга қарамай, “Реал” Лука келажакда жамоани тарк этиш эҳтимолини инобатга олиб, янги ярим ҳимоячини излашга киришди.
Мадрид клуби бу борада бир неча вариантларни кўриб чиқмоқда. Илк номзод сифатида “Байер”нинг 21 ёшли футболчиси Флориан Вирц тилга олинмоқда. Унга “Реал” аллақачон таклиф билан чиққани ҳақида хабарлар тарқалган. Немис футболчисининг клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йилгача давом этади ва унинг нархи 130 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

Модрич ҳали катта футбол билан хайрлашмоқчи эмас. У клуб билан шартномасини яна бир йилга узайтириш ниятида ва асосий мақсади — 2026 йилги Жаҳон Чемпионатига қадар юқори савияда ўйнаш. Унинг “Реал”даги келажаги борасидаги якуний қарор май ойида қабул қилиниши кутилмоқда.
Аввалроқ “Реал” Модричга ўринбосар сифатида Арда Гюлерни кўрган эди, бироқ туркиялик ярим ҳимоячи кўпроқ ҳужумга яқин жойда ҳаракат қилади ва марказдаги ўйинни назорат қилиш қобилиятига эга эмас. Шу сабаб Мадрид клуби эндиликда майдон марказида ўйин ритмини бошқара оладиган футболчини қидирмоқда.
“Қироллик клуби” ёзги трансфер ойнаси вақтида фақат ярим ҳимояни эмас, балки ҳимоя чизиғини ҳам кучайтиришни режалаштирмоқда. Жамоа ўнг қанот ҳимоячиси изламоқда ва асосий номзод сифатида “Ливерпуль” футболчиси Трент Александер-Арнольд номзодини кўриб чиқилмоқда. Агар бу келишув амалга ошмаса, мадридликлар “Тоттенҳэм” аъзоси Педро Порро, “Байер” футболчиси Жереми Фримпонг ёки “Севилья” ҳимоячиси Хуанлу Санчесдан бири билан шартнома имзолашга ҳаракат қилиб кўради.

Бундан ташқари, жамоа марказий ҳимоя чизиғини ҳам кучайтириш ниятида. “Арсенал” ҳимоячиси Вильям Салиба “Реал”нинг “шорт-листи”дан жой олган, чунки унинг “канонирлар” билан амалдаги шартномаси 2027 йилда якунига етади ва ҳозирча уни узайтириш бўйича томонлар бир қарорга келмаган.
Маълумот учун, “Реал” 28-турдан кейин Испания чемпионати турнир жадвалида 50 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)