Мадриднинг “Реал” клуби ярим ҳимоячиси Арда Гюлер жамоани ижарага тарк этиш вариантини рад этмоқда. Relevo нашрининг хабарига кўра, туркиялик футболчи бу мавсум кам ўйин амалиётига эга бўлаётганидан норози. У клуб сафида кўпроқ ўйнашни ёки тўлиқ трансфер асосида бошқа жамоага кетишни истамоқда.

Арда узоқ вақт давомида асосий таркибдан четда қолаётгани сабабли жамоадаги келажаги борасида хавотирга туша бошлади. Сўнгги бешта ўйинда умуман майдонга тушмаган Гюлер ниҳоят ўз имкониятига эга бўлди. У Испания кубоги доирасидаги “Реал Сосьедад”га қарши баҳсда асосий таркибда майдонга тушиб, 84 дақиқа ҳаракат қилди.
Туркияда ёш футболчига жуда катта умид боғланган ва бу босим унга тасир ўтказмоқда. Арда атрофидаги ижтимоий омиллар ҳам мослашиш жараёнини қийинлаштирмоқда. Бундай ҳолат “Реал Мадрид” ёш футболчилари орасида тез-тез кузатилади. Карло Анчелотти бу жараён табиий эканлигини таъкидлаб, шундай деди:
Ҳаммаси вақт билан боғлиқ. Гюлер ҳам бошқа ёш футболчилар сингари “Реал”га мослашиш жараёнидан ўтмоқда. Буни Винисиус, Вальверде ва Родриго мисолида кўришингиз мумкин
Маълумот учун, 20 ёшли футболчи 2023 йил ёзида “Фенербаҳче”дан “Реал”га 20 миллион евро эвазига ўтган эди. Жорий мавсумда у барча мусобақаларда 28 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол ва 5 та голли узатмани амалга оширди.
Аввалроқ Гюлерга Германия Бундеслигаси клублари қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. “Бавария” ва “Байер” туркиялик футболчини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқаётгани айтилганди
Изоҳ (0)