Ижтимоий тармоқларда “Ангрен” кўмир конида автоағдаргич ёниб кетгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти маълумот берди, бироқ кўп ўтмай, хабар ташкилот расмий каналидан ўчирилди.
Унга кўра, 5 март куни соат 10:15 ларда “Ангрен” кўмир конида “БелАЗ” русумли автоағдаргич тоғ жинсларини тўкиш вақтида орқага сирпаниб, ағдарилиб кетган ва алангаланиш рўй берган. “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти ўт ўчирувчилари воқеа жойига етиб келган ва ёнғин тўлиқ ўчирилган.
Ҳодиса оқибатида оғир тан жароҳати олган автоағдаргич ҳайдовчиси А.Ахмеджановга корхона тиббий бўлим ходимлари томонидан биринчи ёрдам берилган ва шошилинч равишда шаҳар марказий шифохонасига етказилган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, ҳайдовчи касалхонада вафот этган.
Ҳозирда кўмир конида рўй берган ҳодиса юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти раҳбарияти марҳум А.Ахмеджановнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Бироқ кейинроқ бу ҳақдаги хабар ўчирилди.
Изоҳ (0)