Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 17 ёшли ўғли, республика Хавфсизлик Кенгаши котиби лавозимини эгаллаб турган Адам Қодиров янги мукофотга сазовор бўлди. Бу ҳақда Рамзан Қодиров ўзининг Telegram каналида хабар берди.

Кичик Қодиров “Чеченистон Республикаси ҳимоячиси” медали билан тақдирланган. У ушбу мукофотни Чеченистон ички ишлар вазири Аслан Ирасхоновнинг қўлидан тактик ўқ отиш бўйича XII Очиқ чемпионат ғолибларини тантанали тақдирлаш маросимида олган.
“Менинг топшириғимга кўра чемпионат ғолиблари ва иштирокчиларини тақдирлаш тантанали маросимида ЧР раҳбарининг ёрдамчиси, ЧР Хавфсизлик Кенгаши котиби, Владимир Владимирович Путин номидаги Россия махсус кучлари университети куратори Адам Қодиров иштирок этди. Ўз навбатида, Адам Қодиров ЧР ички ишлар вазири Аслан Ирасхоновнинг қўлидан “ЧР ҳимоячиси” медалини олди”, дейилади хабарда.
Бундан аввал Адам Қодировга Чеченистон Республикаси Қаҳрамони унвони ва Ахмат Қодиров ордени - Чеченистоннинг энг олий мукофоти ҳам берилган.
Шунингдек, кичик Қодировнинг мукофотлари орасида – “Даймехкан Сий” (“Ватан шарафи”) ордени, "Ислом динига хизмат кўрсатгани учун” I даражали ордени, “Россия махсус кучлари университети ривожига қўшган ҳиссаси учун” I даражали медали, шунингдек, Росгвардия томонидан “аксилтеррор операцияларида иштироки учун” топширилган “Жанговар хизматлари учун” медали бор. Декабрда унга Кавказ уруши давридаги чечен қўмондони Имомат ноиби Байсангур Benoyэвскийнинг орденини абадий сақлаш учун топширишган.
Бундан аввал Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг 29 нафар яқин қариндоши Россия–Украина уруши бошланганидан бери жами 146 хил мукофот ва фахрий белгиларни олгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)