Трампнинг иккинчи президентлик даври ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги баҳсли қарорлар, оммавий авф этишлар ва бошқа кескин чоралар билан ажралиб турмоқда. У амалга ошираётган чеклов ва қарорларнинг айримлари ҳатто АҚШ Конституциясига зид келаётгани таъкидланмоқда. Бу ҳақда Politico нашри хабар берди.
Манбага кўра, АҚШнинг Европадаги энг яқин иттифоқчилари Трамп маъмуриятининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш сиёсати ҳамда Адлия вазирлиги фаолиятидан жиддий хавотир билдирмоқда. Европалик тўрт нафар дипломат махфийлик шарти асосида Америкадаги адлия тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш сиёсати борасида ўз фикрларини билдирган.

Уларнинг ташвишлари иммиграция, сўз эркинлиги, халқаро наркотрафикка қарши кураш каби аниқ масалалардан тортиб, АҚШ қонунчилигининг емирилиши эҳтимолигача бўлган масалаларни қамраб олган.
Европаликларни айниқса Трампнинг “Чет эллик душманлар тўғрисидаги қонун”га таяниб, маҳбусларни Салвадордаги қамоқхоналарга жўнатиши ларзага солган. Мазкур қонунга мувофиқ, америкалик бўлмаган жиноятчилар ўзлари ҳеч қандай алоқаси бўлмаган давлатларга юборилиши мумкин. Дипломатларга кўра, бундай чора-тадбирлар Европа ва халқаро қонунларга зид келади.
Дипломатлар таъкидлаганидек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш борасидаги АҚШ–Европа ҳамкорлиги нафақат икки томон учун, балки глобал барқарорлик учун ҳам беқиёс аҳамиятга эга.
Изоҳ (0)