9 май куни Тошкент шаҳрида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган “Янги авлодга хотира мактуби” шиори остида 5 километр масофага югуриш мусобақаси бўлиб ўтади.
Югуриш мусобақаси пойтахтнинг “Биродарлик қабристони” ёдгорлик мажмуаси ва “Бунёдкор” стадиони ҳудудлари оралиғида ўтказилади. Унда 2000 нафар иштирокчини қамраб олиш режалаштирилган.
Байрам югуриш мусобақаси уруш қаҳрамонларига, уларнинг жасорати, мардлиги ва фидойилигига ҳурмат рамзидир. Иштирокчилар босган ҳар бир қадам ўз ҳаёти эвазига авлодлар келажагини ҳимоя қилганларга бағишланади.
Ҳар бир иштирокчига маррага етганликни англатувчи эсдалик медали берилади.
Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг қонли уруш бўлган. Унда 70 миллиондан ортиқ инсон ҳалок бўлган, шундан 27 миллиони жанг майдонларида жон берган. Ўзбекистон ушбу ғалабага салмоқли ҳисса қўшган — 6,5 миллион аҳолига эга республикадан 1 миллион 951 мингдан ортиқ инсон фронтга жўнатилган, улардан 538 минг нафари ҳалок бўлган.
Уруш йиллари Ўзбекистон энг муҳим фронт орти марказига айланган, бу ерда 280 та янги корхона қурилди, ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, 2000 дан ортиқ самолёт, 19 мингта авиамотор, 18 мингта миномёт, 1 миллион дона граната, 22 миллион дона мина ишлаб чиқарилди. Республикамиз 1,5 миллионга яқин эвакуация қилинганлар, жумладан, 250 минг етим болаларни қабул қилди, уларга ўз уйи ва қалби эшикларини очди. Ўзбекистонликларнинг жасорати Тошкентдаги Ғалаба боғидаги “Матонат мадҳияси” монументида абадийлаштирилган. Бу тадбирлар озодлик ва тинчлик учун курашган барча инсонлар хотираси ҳамон қалбларимизда сақланаётганига далолатдир.
Югуриш мусобақаси уруш қаҳрамонларига, уларнинг жасорати, мардлиги ва фидойилигига ҳурмат рамзи сифатида ташкил этилиб, иштирокчиларнинг ҳар бир қадами ўз ҳаёти эвазига авлодлар келажагини ҳимоя қилганларга бағишланади. Ҳар бир иштирокчи гўё фронтдан мактуб олиб келаётган “Хотира элчиси”га айланади.
Махсус тарзда қайта кўриб чиқилган ҳарбий қайд варақалари асосида аниқланишича, Ўзбекистондан фронтга 1 миллион 951 минг нафар фуқаролар сафарбар этилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фахрий 82 нафарни ташкил қилади. Уларнинг энг улуғи 114 ёшни қаршилаган.
Маълумот учун мусобақадан ташқари Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда “Янги Ўзбекистон” боғида 9 май куни соат 21:00 да Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам салюти ва мушакбозлигини ташкил қилади.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 10 минг доллар пул мукофоти берилади
Президентнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра:
- Уруш қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 10 минг доллар;
- Уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларнинг ҳар бирига 25 млн сўм;
- Уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларининг ҳар бирига 3 млн сўм миқдорида.
Ушбу пул мукофоти тантанали ҳамда байрамона тарзда топширилади.
Изоҳ (0)