Иккинчи жаҳон уруши ҳеч бир халқни четлаб ўтмади. Шу жумладан, қанчадан қанча ўзбек аскарлари ҳам уруш майдонларида жанг қилди. Аммо ушбу урушнинг бир қисми бўлмиш Совет–япон урушида ўзбек аскарларининг иштироки ҳанузгача яхши ўрганилмаган мавзу бўлиб қолмоқда. «Дарё» фалсафа фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими Равшан Назаровнинг Совет–япон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбекистонлик ҳарбийлар ҳақидаги мақоласини диққатингизга ҳавола этади.
Ўзбекистонликлар 1941–1945 йиллардаги барча жанг-жадалларда – 1941 йил июнидаги чегара олди жанглари ва Брест қалъасининг қаҳрамонона мудофаасидан тортиб Берлиннинг ишғол этилиши ва Праганинг озод қилинишигача бўлган жангларда фаол иштирок этган. 1945 йилнинг 9 майида Европадаги фашизмга қарши уруш якунланди, бироқ Узоқ Шарқ Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги ўчоғи сифатида қолаётган эди.
Бу мақсадда СССР ва Хитой чегараларида учта фронт ёйилганди: Байкалорти фронти ҳамда биринчи ва Иккинчи Узоқ Шарқ фронтлари. Уларнинг таркибида 11 та умумқўшин армияси, битта гвардия танк қўшини, механизациялаштирилган-отлиқ совет-мўғул гуруҳи, учта ҳаво қўшини, учта ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшини, яна алоҳида корпуслар бўлиб, умумий ҳисобда 1,5 миллиондан зиёд одамга эга бўлган, шунингдек, 27,1 минг дона аслаҳа ва миномётлар, 1 152 дона реактив-миномёт қурилмаси, 5 556 дона танк ва ўзиюрар артиллерия қурилмалари, 3,7 минг дона самолёт бўлган.
Бундан ташқари, Тинч океани флоти кучлари, Амур дарёси ҳарбий флотилияси, Байкалорти чегара қўшинлари, Хабаровск ҳамда Приморье округлари ҳарбий кучлари ҳам жараёнга жалб қилинган. Совет қўшинларига японларнинг уч фронт бўйлаб тўртта алоҳида пиёда армияси, иккита ҳаво қўшинлари, Сунгарий флотилияси ҳамда Квантун армияси қаршилик кўрсатган. Боз устига, Маньчжоу-Го ҳамда Мэнцзянь қўғирчоқ давлатларининг армияси ҳам Квантун армиясига бўйсунар эди. Умумий ҳисобда уларнинг сони бир миллионга яқин одам, 6 260 аслаҳа ва миномёт, 1 155 танк, 1,8 минг самолёт ва 25 та кемадан иборат бўлган.
Ҳарбий ҳаракатлар 1945 йилнинг 9 августидан 1 сентябригача давом этган, лекин япон ҳарбийларининг алоҳида гуруҳлари ундан кейин ҳам яна бир муддат давомида қаршиликни давом эттирган. Квантун армиясининг йўқотишлари 84 минг нафар аскар ўлими ҳамда 640 минг нафар асир тушишидан иборат бўлган. Совет қўшинларининг йўқотишлари эса 12 мингта ўлим ва 24,5 минг нафар ярадорларни ташкил қилган.
Узоқ Шарқдаги уруш ҳаракатлари мобайнида 220 та совет қисми ва бирлашмаси «Амур», «Мукден», «Порт-Артур», «Уссурийск», «Харбин», «Хинган» сингари шараф номларига эга бўлди, 92 киши Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига лойиқ кўрилди ва яна минглаб кишилар, жумладан, юзлаб ўзбекистонликлар ҳам орден ва медаллар билан тақдирланди.
Масалан, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳридан бўлган майор Иса Қасараев Узоқ Шарқ фронти 2-армияси 2-полкига қўмондон бўлган ва у Квантун армияси қисмлари билан жангларда фаол қатнашиб, 1945 йил августида Суйха шаҳри ҳарбий коменданти этиб тайинланган. У бир ой мобайнида шаҳардаги япон аскарларининг қолган-қутганларидан ташкил топган катта сонли жангари тўдаларни яксон қилиб, уларни қуролсизлантирган ва шаҳарда тартиб ўрнатган. «Қизил юлдуз» ордени ва Ватан уруши 2-даражали орденлари билан тақдирланган.
Самарқандлик майор Нури Ёқубов Биринчи Узоқ Шарқ фронти 25-армияси, 40-ўқчи дивизиянинг ҳарбий трибунали раиси бўлган ва у ҳам япон милитаристларига қарши жангларда фаол иштирок этиб, ҳарбий интизомни мустаҳкамлашга ҳисса қўшувчи самарали сиёсий-ҳуқуқий ишларни олиб борган ҳамда 2-даражали Ватан уруши ордени билан тақдирланган.
Самарқандлик тиббий хизмат майори Зокиржон Умаров Иккинчи Узоқ Шарқ фронти 2-армиясининг 1-алоҳида понтон-кўприк баталёнида бош врач сифатида хизмат қилган ва ярадор ҳамда хаста аскарларга самарали тиббий ёрдамни таъминлаган. «Қизил юлдуз» ва 2-даржали Ватан уруши орденлари билан ҳамда «Жанговар хизматлари учун», «Япония устидан қозонилган ғалаба учун» медаллари ва бошқа медаллар билан тақдирланган.
Фарғоналик капитан Ғани Абдуллаев миномёт батареясига қўмондонлик қилган, японлар билан жангларда қаҳрамонликлар кўрсатиб, «Қизил юлдуз», 2-даражали Ватан уруши орденлари, «Жасорат», «Жанговар хизматлари учун», «Япония устидан қозонилган ғалаба учун» медаллари билан тақдирланган.
Тошкентлик катта лейтенант Аҳмаджон Ҳожибоев (бўлажак генерал-лейтенант) биринчи Узоқ Шарқ фронти 5-армияси, 97-ўқчи дивизиясида, 233-ўқчи полк штаб бошлиғи ёрдамчиси лавозимида жанг қилган. У жанговар пиёда қўшин сафида полк бўлинмалари қўмондонларига жанговар топшириқларни бажаришда кўмак кўрсатган, хабарларни полк штабига ўз вақтида етказилишини шахсан таъминлаган, 1-даражали Ватан уруши орденига сазовор бўлган. У аввалроқ Германия фронтида «Қизил юлдуз» ордени ва медаллар билан ҳам тақдирланган эди.
Қувалик катта лейтенант Мирза Аҳмедов Байкалорти фронтининг 221-ўқчи дивизиясида 625-ўқчи полк баталёни командирининг сиёсий-тарбиявий ишлар бўйича муовини бўлган. Японларга қарши жангларда фаол иштирок этиб, япон диверсантларини зарарсизлантириш гуруҳига шахсан бошчилик қилган, 1-даражали Ватан уруши ордени билан тақдирланган. У ҳам аввалроқ «Қизил юлдуз» ордени, 2-даражали Ватан уруши ордени ва медаллар билан тақдирланган бўлган.
Байкалорти фронти 109-ўқчи дивизияси, 309-ўқчи полкнинг миномёт батареяси командири бўлган андижонлик гвардия старшинаси Юсуф Маматқулов ёши катта, тажрибали жангчи бўлиб, у 1941 йилдан бошлаб жангларда иштирок этган. У Кавказ учун кечган жангларда, Украина, Молдова, Руминия, Венгрия, Югославия, Австрия ва Чехияни озод қилиш учун бўлган жангларда қатнашган. 1945 йил августида у аллақачон «Қизил юлдуз» ордени, 2-даражали Ватан уруши ордени ҳамда кўплаб медаллар билан – «Жасорат», «Жанговар хизматлари учун», «Кавказ мудофааси учун», «Белград озод қилингани учун», «Вена учун» ва ҳо казолар билан тақдирланган жангчи эди. Япон армияси билан жанглардаги қаҳрамонлиги учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига тавсия қилинган, лекин штабдаги қоғозбозлар унвонни «Қизил Байроқ» орденигача пасайтирган.
Гвардия старшинаси, марғилонлик Мулла-Аҳмад Каримов биринчи Узоқ шарқ фронти, 1-армияси, 59-ўқчи дивизиясининг 456-ўзиюрар-артиллерия взводи командири ёрдамчиси лавозимида жанг қилган. Дивизия штабига ўзини ўлимга ташлайдиган япон суиқасдчи аскарлари гуруҳи ҳужум қилган вақтда душманнинг уч аскарини йўқ қилган, «Жанговар хизматлари учун» медали билан тақдирланган.
Тошкентлик катта сержант Юнус Юсупов 1-Узоқ Шарқ фронти 1-армияси 75-танк бригадасида автоматчилар мотобаталёни бўлинмасига қўмондонлик қилган. Машанчжян станциясидаги жангларда душманнинг иккита аскарини шахсан ер тишлатган. Чушан станциясидаги жангларда эса яна олтита душманни йўқ қилган. «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланган.
Андижонлик сержант Мамад Арзиқулов 1-Узоқ Шарқ фронти 5-армияси 97-ўқчи дивизия, 69-ўқчи полк бўлинмаси командири сифатида, Хитойдаги Муллин шаҳрида бўлиб ўтган япон камикадзелари билан жангларда жасорат кўрсатган ва «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланган.
Гвардия катта сержанти, қаршилик Темир Хидиров Байкалорти фронтида 6-гвардия танк армиясининг 9-гвардия мехкорпуси, 31-гвардия механизациялаштирилган бригадасида, разведка ротаси бронемашинасига командирлик қилган. У тажрибали жангчи бўлган, чунки у 1941 йилдан бошлаб жангларда қатнашган ва 1945 йил августида аллақачон учта орден («Қизил юлдуз» ордени, 2-даражали «Ватан уруши» ордени, 3-даражали «Шон-шараф» ордени) ва кўплаб медаллар («Жасорат», «Сталинград мудофааси учун», «Праганинг озод этилиши учун» ва бошқалар) билан тақдирланган эди. Япон милитаристлари билан жангларда, Синхе дарёсини эгаллашда ҳамда Дайрен шаҳрини олинишида жасорат кўрсатган. Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига тавсия қилинган, лекин олий қўмондонлик фақат 2-даражали «Шон-шараф» ордени бериш билан кифояланган.
Байкалорти фронти 298-ўқчи дивизияси, 828-ариллерия полки 3-батареясида қўқонлик катта сержант Азиз Аҳмаджонов артиллерия аслаҳасига командирлик қилган. Чжайлайнор шаҳридаги жангларда у ўз аслаҳасини тўғридан-тўғри ўт очилаётган нуқтага ҳайдаб борган ва душманнинг бир неча ўт очиш нуқталарини тўсиб қўйган. Бу орқали пиёда қўшинларнинг ҳужумга ўтишидаги муваффақиятини таъминлаган. «Жасорат» медали билан тақдирланган.
Наманган вилояти Чуст туманидан бўлган ефрейтор Бекназар Норматов иккинчи Узоқ шарқ фронти 16-армия, 113-алоҳида ўқчи бригадаси, 4-баталёнида снайпер бўлган. Жанубий Сахалинни озод қилиш учун кечган жангларда душманнинг иккита снайпердан иборат гранатомётчиларини йўқ қилган ва бунинг учун «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланган.
Самарқанд вилояти Нарпай туманилик сержант Очил Худойбердиев биринчи Узоқ шарқ фронти 5-армияси, 144-ўқчи дивизия, 308-артиллерия полки, алоқа бўлинмасига командирлик қилган. Хитойдаги Муданьцзян шаҳридаги жангларда жасорат кўрсатиб, душманнинг артиллерия ва пулемёт ўқ ёмғири остида батарея ва штаб орасидаги узлуксиз алоқани таъминлаб берган. Жангларда, шунингдек, душманнинг икки аскарини йўқ қилган. Бунинг учун у иккинчи маротаба «Қизил юлдуз» орденига сазовор бўлган. У аввалроқ «Қизил юлдуз» ордени ҳамда медаллар («Жасорат», «Жанговар хизматлари учун», «Москва мудофааси учун» ва бошқалар) билан тақдирланган эди.
Сирдарёлик ефрейтор Мамад Бакиров биринчи Узоқ шарқ фронти 84-кавалерия дивизияси, 145-кавалерия полкида хизмат қилган, Муданьцзян шаҳри остонасидаги жангларда жасорат кўрсатиб, ярадор бўлган, «Жанговар хизматлари учун» медали билан тақдирланган.
Япон милитаристларига қарши жангларда серқуёш Ўзбекистоннинг нафақат мард ўғлонлари, балки асосан ҳарбий тиббиёт мутахассиси бўлган аёл-қизлари ҳам жасорат кўрсатиб, шарафланган. Улар орасида тиббий хизмат офицерлари – ҳарбий врачлар – капитан Сания Фаризова (термизлик, «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланган), капитан Юлия Горская (тошкентлик, «Жанговар хизматлари» медали олган), катта лейтенантлар Аза Панкова (фарғоналик, «Қизил юлдуз» ордени олган) ҳамда Галина Шимолина (тошкентлик, 2-даражали «Ватан уруши» ордени олган), лейтенантлар Анастасия Шеина (тошкентлик, «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланган) ва Ҳакима Урабековаларни (тошкентлик, «Жанговар хизматлари» медали олган) ва яна кўплаб бошқаларни ҳам кўрсатиш мумкин.
Шу тариқа ўзбекистонликлар урушнинг барча босқичларида, жумладан, унинг якуний босқичи бўлмиш Узоқ Шарқда япон қўшинларини яксон қилиниши ва улар босиб олган ерлар – Жанубий Сахалин, Курил ороллари, шимолий-шарқий Хитой ҳудудларини (Манчжурияни) ҳамда Шимолий Кореяни озод қилиниши билан боғлиқ жангларда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган. Ўзбекистонликлар – аскар, сержант ва офицерларнинг барчаси ўз ҳарбий бурчларини тўлиқ масъулият ва шараф билан адо этган.
Изоҳ (0)