Жорий йил 28 май куни Москва вилоятидаги “Янги Қуддус” музейи Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда “Оламлар орасидаги нур” кўргазма лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар бермоқда.

Экспозициядан 1920–1930 йиллардаги совет, ўзбек ва рус модернизмига оид суратлар ўрин олган. Кўргазма 40 нафар рассомнинг 160 дан ортиқ рангтасвир ва график асарларини қамраб олган.

Улар орасида машҳур ижодкорлар Александр Волков, Соломон Никритин, Александр Шевченко, Климент Редко ва бошқалар бор.

Кўргазма ғояси ХХ асрдаги иккита йирик санъат музей коллекцияларининг учрашуви сифатида режалаштирилган.

“Бундай кўргазмалар икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни кучайтиришда катта хизмат қилади. Экспозицияга Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси санъат музейидан 80 та асар олиб келинган. Бундан ташқари, “Янги Қуддус” музейида сақланаётган 90 та сурат жамланган. Асарларнинг аксарият қисми оммага биринчи марта намойиш этилмоқда. Шуниси ҳам эътиборлики, уларни ўз даврида эълон қилиш имкони бўлмаган. Россия ва Ўзбекистондаги икки музейда сақланаётган ҳамда бугун кўргазмага қўйилган асарлар бир давр ва йўналишда яратилган. Шу сабаб улар бир-бирини тўлдириб туради. Мазкур суратлар тарихийлиги ва долзарб мавзулар тасвирлангани учун ҳам бугун актуал”, дейди Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов.

Кўргазма 30 майдан 8 ноябргача давом этади.
Изоҳ (0)