Россия 2025 йил охиригача Ўзбекистонда дронлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Учувчисиз авиация тизимларини ишлаб чиқувчи Россиянинг “Келажак транспорти” (“Транспорт будушего”) бош директори Юрий Козаренко бу ҳақда маълум қилди.

Бозорни таҳлил қилдик ва шуни ишонч билан айта оламизки, бугунги кунда ўн минглаб дронларни иқтисодий жиҳатдан самарали тарзда бозорга чиқариш мумкин ва бу катта даромад келтиради.
Ўзбекистонда ташкил этилаётган қўшма корхона йил охиригача ишга туширилади. Биз ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажми 100 миллион доллардан ошишини кутмоқдамиз. Бу ҳали биринчи босқич — маҳсулотни 50 фоизгача маҳаллийлаштириш билан амалга оширилади, деди Юрий Козаренко.
Козаренкога кўра, дронлардан фойдаланиш учун Россия фуқаролик авиацияси (Росавиация) ва Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаролик авиацияси агентлиги (Ўзавиация) билан бир қатор муҳим ишларни амалга ошириш зарур.
Бу — дронлардан хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан самарали фойдаланишни таъминлайдиган инфратузилмани яратиш демакдир. Биз бу ишни ҳам Ўзбекистонда зиммамизга олдик ва ҳамкорларимиз билан бирга олиб бормоқдамиз, деди бош директор.
“Келажак транспорти” компанияси Ўзбекистонга қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилмоқда.
Бу лойиҳаларда Россия нафақат технологияларни берувчи томон, балки уларни қабул қилувчи ва товар олувчи томон ҳам бўлади, дея таъкидлади Козаренко.
У Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган дронлар қишлоқ хўжалигида қўлланишини қўшимча қилди.
Изоҳ (0)