Ҳиндистонда ҳалокатга учраган Аir India авиакомпаниясининг Boeing 787-8 Dreamliner самолёти бортидаги барча 242 киши ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганлар орасида 10 нафар экипаж аъзоси ва борт кузатувчилари ҳам бор. Бу ҳақда Ntwс 18 телеканали маълум қилмоқда

Ҳодиса 12 июнь пайшанба куни Аҳмадобод шаҳри аэропорти яқинида содир бўлган. Самолётнинг дум қисми бўлаклари турар жой бинолари устига тушган, натижада улардан бирининг деворлари қурум билан қопланган, бошқа бинонинг томи эса ёниб кетган. Ҳалокатга учраган самолёт Аir India авиакомпаниясига тегишли бўлиб, Лондонга учмоқчи эди. Самолёт бортида жами 169 нафар Ҳиндистон фуқароси, 53 нафар британиялик, 7 нафар португалиялик ва бир нафар канадалик бўлган. Маҳаллий ҳокимият ҳодисани текширишни давом эттирмоқда ва ҳозирда лайнер ҳалокати сабабини аниқламоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаво кемаси қуш билан тўқнашган ва учиш учун зарур тезликка эриша олмаган.
Таъкидланишича, самолётининг ётоқхона биносига қулаб тушиши оқибатида камида 20 нафар тиббиёт коллежи талабаси ҳалок бўлган бўлиши мумкин.
Аҳмадобод аэропортининг маълум қилишича, самолёт маҳаллий вақт билан соат 13:39 да 23-сонли учиш-қўниш йўлагидан ҳавога кўтарилган. Шундан сўнг фавқулодда вазият ҳақида огоҳлантирувчи “Майдай” сигналини юборган. Бироқ орадан кўп ўтмай алоқа узилган.
Flightradar24 парвоз ҳақида охирги сигнал самолёт ҳавога кўтарилганидан атиги бир неча сония ўтиб олинганини маълум қилди. Шунингдек ҳаво кемаси ВТ-АНБ коди билан рўйхатга олинган Boeing 787-8 Dreamliner бўлганини тасдиқлади. Бироқ Boeing компанияси ҳозирча расмий изоҳ бермади.
Президент Шавкат Мирзиёев Аҳмадободда юз берган авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ва бош вазири Нарендра Модига таъзия мактуби йўллади.
Изоҳ (0)