12 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан СССР раҳбарига айланган Юрий Андропов, Иккинчи жаҳон урушида айбдор деб топилган япон генералларига чиқарилган ҳукм ҳамда Ҳиндистон осмонида юз берган энг йирик авиаҳалокатга оид фактлар ўрин олган.
СССР раҳбарига айланган Андропов
Бундан 40 йил олдин 12 ноябрь куни Юрий Андропов Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитаси бош котиб этиб сайланган эди. СССРни 15 ойгина бошқарган Андропов ҳозирга қадар энг сирли шахслардан бири ҳисобланади. Унинг биографларидан бири Рой Медведевнинг ёзишича, Андропов бутун умри давомида Волгада матрос бўлиб хизмат қилган даврида босмандан ўрганган принципига амалга қилиб келган: «Ҳаёт, Юра — бу ҳўл палуба. Унда сирпаниб кетмаслик учун шошмасдан ҳаракатланиш лозим. Ва, албатта, ҳар сафар оёқ қўядиган жойни танлагин!».Андроповни таниган кўпчилик у эҳтиёткор, совет тизими хатоларни кечирмаслигини билган ҳолда иш тутганини яхши эслайди. Бунга балки Венгрияда элчи бўлиб юрганида 1956 йили ушбу мамлакатда рўй берган инқилоб воқеалари сабаб бўлгандир. Ислоҳотчилар кураши ўшанда совет танкларининг киритилиши билан якунланган. Андропов буларнинг барчасини Будапештдаги совет миссияси деразасидан кузатиб турган.
Содир бўлган воқеалар унинг рафиқасига таъсир қилган бўлиб, шундан кейин у хасталикка учраган. Бўлажак бош котибни таниганлар ушбу воқеаларни Андроповнинг «венгер синдроми» деб атайди — у кескин ўзгаришлардан қўрққан.
СССР раҳбарининг собиқ ёрдамчиларига кўра, Андропов жуда кўп мутолаа қилган — илмий адабиётлардан тортиб, бадиийларигача — ва кўпинча ёрдамчиларидан янги китоб олиб келишни сўраган. Улардан бири ҳатто Андропов Булат Окужаванинг «Дилетантлар саёҳати»ни ўқиётганини кўрган. «Кейинчалик Юрий Владимирович мусиқани жуда нозик фарқлашини билиб қолдим, бироқ дам олишларда фақат 1960 йилларнинг бардларини эшитарди. Айниқса, Владимир Висоцкий ва Юрий Визбарни кўп тингларди. Уларнинг қўшиқларини яхши кўрар ва хиргойини ҳам қойиллатарди», — деб ёзганди бўлажак совет етакчиси Михаил Горбачёв.
Бироқ Висоцкий мусиқасига ва интеллигенсия вакилларининг ижодларига бўлган қизиқиш Андроповга ўзи тўғри деб билган сиёсий йўналишда қаттиқ туришига тўсқинлик қилмаган. Янги етакчининг кўплаб қадамлари олқишланган — Андропов давлат аппаратида тозалашларни ташкиллаштирган, унинг даврида 18 нафар СССР вазири лавозимдан олинган, коррупцияга ботган қатор совет амалдорларига қарши жиноят ишлари очилган.
Брежнев номзодини илгари сурган, Краснодар ўлкасининг раҳбари Сергей Медунов лавозимдан ечилган. Бироқ ўша даврга яшаган кўплаб инсонлар хотирасида Андроповнинг тартиб-интизомни мустаҳкамлаш борасидаги кучсиз уринишлари сақланиб қолган.
Шунга қарамай, Андропов даврида эҳтиёткорлик билан ислоҳотлар ўтказиш учун маълум шартлар пайдо бўлган — 1983 йил июнь ойида СССРда «меҳнат коллективлари» тўғрисида қонун қабул қилинган, бу ишчиларга харажатлар ва ходимларга ҳақ тўлаш режаларини муҳокама қилиш ҳуқуқини берган.
Ғарбда Андроповнинг ҳокимиятга келиши қизиқиш уйғотган. Бош котиб бунга қадар «КГБ»ни бошқарган бўлса-да, у анча замонавий инсон сифатида қабул қилинган. Ғарб матбуоти янги бош котиб жазга қизишини ҳам ёзган. 1982 йил ноябрда Андроповнинг сурати Time муқовасида пайдо бўлган.
Журналнинг ушбу сони америкалик мактаб ўқувчиси Саманта Смитни совет етакчисига хат ёзиб, қуролланиш пойгасини тўхтатишга чақиришга ундаган.
Тинчлик хати
Ҳурматли жаноб Андропов,Саманта СмитМенинг исмим Саманта Смит. Мен 10 ёшдаман. Сизни янги лавозимга тайинланганингиз билан табриклайман. Мени Россия ва Қўшма Штатлар ўртасида ядровий уруш бошланиши жуда хавотирга солади. Сиз уруш бошлашга овоз берасизми ёки йўқ? Агарда урушга қарши бўлсангиз, илтимос айтинг-чи, урушнинг олдини олишга қандай ёрдам бермоқчисиз? Сиз, албатта, саволимга жавоб беришга мажбур эмассиз, аммо мен жавоб олишни истаган бўлардим. Нима учун бутун дунёни ёки камида бизнинг мамлакатни эгаллаб олишни истаяпсиз? Худо дунёни биз биргаликда яшашимиз ва у ҳақида қайғуришимиз учун яратди, уни эгаллаш учун эмас. Илтимос, келинг, у хоҳлагандек қилайлик ва шунда ҳамма бахтли бўлади.
Андропов 1983 йил апрель ойида ёзган жавоб мактубида урушни хоҳламаслиги айтган ва ядровий қуролларни ишлаб чиқаришни тўхтатишни таклиф қилган. Жавобнинг катта қисми Самантага эмас, балки Америка раҳбариятига йўналтирилган эди. Андропов ўз хатида Москва ва Вашингтон натсизмга қарши курашда иттифоқчи бўлганини эслатиб, СССР ҳам дунёда АҚШ каби «буюк давлат» сифатида яшашни хоҳлашини маълум қилган.
Ўша вақтда СССР ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар жуда кескин бўлгани инобатга олинса, мактуб музокаралар учун таклифдек қабул қилиниши мумкин эди, бироқ бу содир бўлмаган. 1983 йил сентябрда Сахалинда совет ҳаво маконини бузиб ўтган Жанубий Кореянинг Boeing самолёти уриб туширилган. Ҳаво кемаси бортида 269 киши бўлган. Мазкур ҳалокат Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни яхшилаш имкониятига катта нуқта қўйган.
Япон генералларига чиқарилган ўлим ҳукми
1948 йил 12 ноябрь куни қатор оғир жиноятларни, жумладан, СССРга қарши уруш олиб борган Япония раҳбариятига қарши Халқаро ҳарбий трибунал якунланган. Оқибатда олти нафар генерал ва бир нафар бош вазир қатл этилган, қолган судланувчилар турли муддатларга қамалган, япон милитаризмининг асосий идеологи Сюмей Окава ақлдан озган деб топилган.2,5 йил давом этган суд жараёни давомида Япония империяси раҳбариятининг 28 нафар ҳарбий ва фуқаролик вакиллари (улар орасида тўрт нафар собиқ бош вазир, 11 нафар вазир, саккиз генерал ва икки элчи бўлган) иштирокида 818 та очиқ ва 131 та ёпиқ суд мажлислари ўтказилган. Трибунал 4356 та ҳужжатни қабул қилган ва ишга гувоҳларнинг 1194 та кўрсатмасини тиккан. Барча айбланувчиларнинг айби исботланган. 1214 варақдан иборат ҳукмда Япониянинг ташқи ва ички сиёсати тажовузкор урушларни тайёрлаш ҳамда бошлашга қаратилгани, судланувчилар эса Германия ва Италия раҳбарияти билан биргаликда, дунё ҳукмронлигини забт этиш ва бошқа халқларни қул қилиш ниятида бўлгани келтирилган.
Трибуналнинг тузилиши, юрисдиксияси ва умумий шартларини белгилаб берувчи низом Иттифоқ кучларининг Узоқ Шарқдаги бош қўмондони, америкалик генерал Дуглас Макартур томонидан тасдиқланган. Низом Нюрнберг трибуналининг энг муҳим қоидаларини ўзида мужассам этган, бироқ у жараённи ташкил этиш ва ўтказишда мамлакатларнинг тенг иштироки тамойилига амал қилмаган. Нацистлар тўртта тилда суд қилинган бўлса, Токиода фақат инглиз тилидан фойдаланилган. Айблов хулосасини тажовуздан тўғридан-тўғри зарар кўрган 11 та давлат вакиллари тузган.
Судни австралиялик судья Уильям Уэбб олиб борган ва АҚШ прокурори Жозеф Киннан бош прокурор этиб тайинланган. Суд жараёнида СССР номида Олий суд Ҳарбий коллегияси аъзоси, адлия генерал майори Ива Зарянов, прокурор сифатида — Ташқи ишлар вазирлиги Шартнома ва юридик бўлим бошлиғи Сергей Голунский иштирок этган.
Трибунал Американинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларини бомбардимон қилишини ва бир қатор процессуал процедураларни эътиборсиз қолдирган, бу эса баъзиларга жараённинг боришини танқид қилишга имкон берган ва уни адолатли холис суд эмас, балки ғолибларнинг мағлубларни қатағон қилиши деб атаган. Судьяларнинг ўзлари ўртасидаги энг жиддий бўлиниш маҳкумларга ўлим жазосини қўллаш билан боғлиқ. Бундан чораларга қаршилар топилган, албатта, бироқ кўпчилик фикри якунда ғалаба қозонган.
«Қонунга хилоф иш юритиш натижасида суд томонидан чиқарилган ҳукм ҳақиқий бўлиши мумкин эмас», — деганди мажлисда қатнашган француз судьяси Анри Бернар. Судьялар таркибига киритилган Британия Ҳиндистонининг вакили Радҳабинод Пал нафақат аниқ тафсилотлар ва хулосаларни, балки трибуналнинг ваколати ва ҳукмнинг концепциясига ҳам эътироз билдирган.
Шунга қарамай, етти кишига нисбатан дорга осиш орқали ўлим ҳукми чиқарилган — генераллар Коэндзи Доихара, Сейсиро Итагаки, Хейтаро Кимура, Ивене Мацуи, Акира Муто, Хидеки Тодзио, шунингдек, Япониянинг собиқ ташқи ишлар вазири ва бош вазири Коки Хирота. Ҳукм 1948 йил 23 декабрь кечаси ижро этилган. Бундан ташқари, судланувчиларнинг 16 нафари умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган, яна икки киши 20 йилга қамалган.
Судланувчиларнинг 29-си собиқ бош вазир Фумимаро Каноэ бўлиши керак эди. Бироқ у ўз хоҳиши билан таслим бўлишдан бош тортган ва 1945 йил 16 декабрь кечаси калий сианит ичган. Собиқ ташқи ишлар вазири Есуке Мацуока ва флот адмирал Осами Нагано суд тергови вақтида вафот этган, япон милитаризмининг асосий идеологи Сюмея Окава руҳий носоғлом деб топилган, бироқ Америка ҳарбий госпиталига ўтказилгунга қадар қамоқхонада сақланган.
Ҳинд осмонида СССР учувчиларининг хатоси сабаб содир бўлган ҳалокат
26 йил олдин 12 ноябрь куни Ҳиндистон осмонида қурбонлар сони бўйича энг йирик самолётлар тўқнашуви юз берганди. Деҳлидан 100 километр жанубдаги Чархи Дарди шаҳрида кун одатдагидек сокин ўтганди. Яқиндагина якунланган Дивали тантаналаридан кейин аҳоли кундалик юмушлари билан шуғулланишга киришган.Соат 18:45 да Ҳиндистон учун ноодатий бўлган ҳолатда ҳафтасига уч маротаба мазкур қишлоқ узра Saudi Airways авиакомпаниясининг Boeing 747 самолёти учиб ўтган. 12 ноябрь куни мазкур ҳудудда тарихдаги энг йирик авиаҳалокат юз берган.
Капитан Холид ал-Шубайли бошқарган Деҳли—Жидда йўналишидаги 763-рейси бортида Саудия Арабистонига ишлаш учун борган ҳинд ишчилари ҳамда нефть қазиб чиқарувчилар бор эди. Ўша кеча Қозоғистондан учган Чимкент—Деҳли йўналишидаги юк ташувчи «Ил-76ТД» самолётини 44 ёшли Александр Черепанов бошқарган. Рўйхатдан ўтиш рақами УН-76435 бўлган самолёт Air Kazakhstan авиакомпаниясига тегишли бўлиб, унинг бортида 10 нафар экипаж аъзоси ва 27 нафар йўловчи ўз манзилига учаётганди.
Маҳаллий вақт билан соат 18:40 ларда иккала самолёт ҳам — Деҳлидан кўтарилган Саудия Арабистони лайнери ва 15 дақиқадан кейин қўнишни амалга оширишга тайёрланган Қозоғистоннинг юк ташувчи самолёти битта ҳудудда пайдо бўлиб қолган.
Датта бироз муддат учувчилар билан боғланишга уринган, аммо ҳеч ким алоқага чиқмаган. Тез орада шу яқин атрофдан учиб ўтаётган Америкага қарашли Lockheed S-141 Starlifter ҳарбий-транспорт кемаси капитани Тимоти Плейс эфирга чиққан. У ҳавода ёрқин чақнашни кўрганини айтган: «Булутлар кутилмаганда ёрқин қизил тусга кирди».
Кейинроқ аниқланишича, тўқнашув натижасида «Ил-76» дум қисми билан Саудия Арабистони ҳаво кемасининг чап қанотига урилиши оқибатида у ҳавода парчаланишни бошлаган. «Улкан газ портлашига ўхшаш чақнашни кўрдим», — дея эслайди бу вақт ерда бўлган ҳарбий Махендра Сингх.
Тўқнашув оқибатида иккала самолёт ҳам ҳалокатга учраган, уларнинг бўлаклари 7 километр радиусга сочилиб кетган. Ҳалокат оқибатида самолётлар бортларида бўлган барча — 349 киши ҳалок бўлган. Маълумотларга кўра, тўрт нафар йўловчи тирик топилган, бироқ улар шифокорлар келгунга қадар олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Авиаҳалокатни тергов қилиш бўйича Деҳли Олий суди судьяси Рамеш Лахоти бошчилигида комиссия тузилган. Тергов ва «қора қути»ни ўқишда Москва ҳамда Британия мутахассислари ҳам иштирок этган. Ўрганишлар давомида бир-бирига қарама-қарши учган учувчиларга йўриқномалар берилган. Саудияликларга 14 минг фут баландликда учиш белгиланган бўлса, қозоқларга 15 минг футдан пастламаслик буюрилган. Шу орқали самолётлар ҳавода 300 метр оралиқда учиб ўтиши керак эди.
Учувчилар суҳбати шифрдан чиқарилиб тинглангач, қозоқларга тегишли самолёт экипажи белгиланган баландликдан пастлагани аниқланган. «Собиқ СССРнинг ушбу учувчилари билан тажрибамиз яхши эмасди. Улар инглизчада яхши гапира олмас эди. Улардан йўриқномадаги маълумотларни қайтариш сўралганида, улар ‘тушундим’, дея радиони ёқарди», — дейди Деҳли аэропортининг исми сир қолишини сўраган ходими.
Шунингдек, ҳисоботда келтирилишича, ҳинд диспетчерлари собиқ СССР учувчиларидан мунтазам шикоят қилиб келган, чунки улар метрик тизимдан фойдаланишга ўргангани боис баландлик ва масофалар ҳисоб-китобида адашиб турган.
Комиссия ҳалокат қозоқ экипажи диспетчернинг 15 минг футдан тушмаслик талабини бажармагани оқибатида содир бўлган деган хулосага келган. Фожиадан бир неча сония олдин хатога йўл қўйилгани тушуниб етилгач, «капитан зудлик билан кўтарилишни буюрган ва яқинлашиб келаётган Саудия самолёти билан тўқнашган», дейилади ҳужжатда.
Кейинроқ Қозоғистон томони учувчилар турбулентлик юқорилиги боис пастлашга мажбур бўлганини маълум қилган, бироқ Ҳиндистон томони метеорология ҳисоботларига таяниб, буни рад этган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)