Россиянинг етакчи дрон ишлаб чиқарувчилардан бири “Кронштадт” жиддий молиявий инқирозга юз тутмоқда. Компания банкротлик ёқасига келиб қолди.

“Кронштадт” ҳарбий ва фуқаролик мақсадларида қўлланиладиган “Орион” ва “Иноходец” дронлари билан танилган. Бироқ сўнгги уч ой ичида компанияга қарши 40 та суд даъвоси қўзғатилди. Даъвогарлар ишлаб чиқарувчидан умумий миқдорда 626,3 млн рубль ($7,8 млн) талаб қилмоқда. Жумладан:
- “Инновацион технологиялар ва материаллар” компанияси — 151,1 млн рубль,
- “Замонавий телекоммуникация технологиялари илмий-тадқиқот институти” — 220,6 млн рубль.
Ишлаб чиқарувчининг молиявий муаммолари бир неча йил олдин бошланган. 2023 йилнинг августида “Turbodjet Micrо” компанияси “Кронштадт”га қарши банкротлик аризаси билан чиққан эди. У ўз молиявий кўрсаткичларини охирги бор 2020 йилда очиқлаган. Ўшанда компания 2 млрд рубль ($24,9 млн) даромад ва 3,6 млрд рубль ($44,8 млн) соф зарар кўргани маълум бўлган.
“Вазият банкротлик билан тугаши мумкин. Хизмат кўрсатиб, маҳсулот етказиб берган, аммо пули тўланмаган субпудратчилар энди судга оммавий даъволар киритмоқда”, деди “РусДронПорт” компанияси раҳбари Николай Ряшин.
“Кронштадт” молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётганига сабаблардан бири 2022 йили асосий инвестор ва молиявий манба ҳисобланган АФК “Система” компанияси билан ҳамкорликнинг тўхташи бўлди. Бу капиталга кириш имкониятини кескин қисқартирди ва қарз босимини кучайтирди. Шунингдек, халқаро санкциялар ва компонентлар нархининг ошиши ҳам вазиятни оғирлаштирган.
Изоҳ (0)