Россия 17 июнга ўтар кечаси Украина пойтахти Киевга дронлар билан йирик зарба берди. Ҳодиса оқибатида 14 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида 40 дан ортиқ одам жароҳатланган. Соломенский туманидаги иккита турар-жой биноси шикастланган, уларнинг камида биттасида ёнғин чиққан, иккинчисида эса бино конструкциялари вайрон бўлган. Қутқарувчилар вайроналар остидан одамларни қидириш ишларини олиб бормоқда.
Соломенский, Святошинский, Дарницкий, Днепровский, Подолский ва Оболонский туманларидаги 12 та жойда ҳужумлар қайд этилган. Киевда авиация институти ётоқхонаси, болалар боғчаси, турар жой биноларига зарар етган. Днепр туманида Shahed типидаги дрон бўлаклари турар-жой биноси деворига тиқилиб қолган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин содир бўлмаган, ҳеч ким жабрланмаган.
Соломенскийдан ташқари, Дарницкий ва Святошинский туманларида ҳам ёнғинлар қайд этилган. Россия дронларининг Киевга аввалги йирик ҳужуми 10 июнга ўтар кечаси амалга оширилганди. Украина пойтахтининг еттита тумани зарба остида қолганди, бир нечта ёнғинлар содир бўлганди. Ўшанда тўрт киши жароҳатланган эди.
11 июнга ўтар кечаси Россия дронлари Харьковга ҳужум қилганди. Бир нечта турар-жой биноларига жиддий зарар етганди. Уч киши ҳалок бўлган, 60 киши жароҳатланганди. Эртаси куни кечаси Харьковни ўққа тутиш давом этган.
Изоҳ (0)