Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни қадриятлар ва маданиятни ўзида ифода этадиган сунъий интеллектнинг миллий моделини ишлаб чиқиш бошланганини эълон қилди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, бу Ўзбекистоннинг бой тарихи ва замонавий ёндашувларни ўзида уйғунлаштириб, ёшларнинг янги креатив ғояларини шакллантиришга хизмат қилади.
Бу тизим самара бериши учун Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури ишга туширилмоқда. Шу йилнинг ўзида AI study платформаси орқали камида 100 минг ёшлар сунъий интеллект технологияларини ўрганади.
Ҳозир мактабларда 19 минг 500 нафар информатика ўқитувчиси бор. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Массачусетс технология институтининг сунъий интеллект таълим дастури асосида ўқув дастурларини янгилайди. Ҳар бир вилоятдан 100 нафар информатика ўқитувчиси жорий йилда Янги Ўзбекистон университетида ушбу дастурга ўқитилади. Ушбу ментор ўқитувчилар ўз ҳудудидаги қолган информатика ўқитувчиларини икки йил давомида каскад усулида тайёрлайди.
Бу орқали 5 йилда барча мактаб битирувчилари сунъий интеллект бўйича етарли билим олади.


“Рақамли авлод қизлари” танловида таълим, сунъий интеллект, “яшил” иқтисодиёт, иқлим ўзгариши каби соҳаларда 7 минг ўқувчи ва талабанинг 120 та стартап лойиҳаси танлаб олинди. Бу йил камида 50 минг нафар қизлар “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси билан қамраб олинади.
Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича банк-молия, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетикани устувор йўналиш сифатида белгилаб, 100 та лойиҳа амалга оширилади.
Изоҳ (0)