Президент Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни Минск шаҳрида Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Беларусь президенти Александр Лукашенко раислигида ўтган учрашувда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Россия президенти Владимир Путин, кузатувчи мақомида Куба президенти Мигел Диас-Канел, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён (видеомурожаат йўллади) ҳамда Евросиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Бақитжан Сағинтаев ҳам қатнашди. Меҳмон сифатида Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси Шайх Холид Ол Наҳаён, Мўғулистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Нам-Осорин Учрал ва МДҲ бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди.
Кун тартибидан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ўрин олди.

Ўзбекистон президенти нутқининг аввалида ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш мамлакатимиз ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Ташкилотга аъзо мамлакатларга уларнинг делегациялари жорий йилда Ўзбекистонда ўтказилган “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси ва тўртинчи Тошкент инвестиция форумида фаол иштирок этгани учун миннатдорлик билдирилди.
Ушбу тадбирлар якунида муҳим келишувларга эришилгани, ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва истиқболли лойиҳалари белгилаб олингани алоҳида таъкидланди.

Давлат раҳбари йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон билан Евросиё иқтисодий иттифоқи ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик қай даражада ривожланаётгани тўғрисида маълумот берди. Хусусан, кузатувчи давлат мақомидаги ҳамкорлик даврида Ўзбекистоннинг Иттифоқ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 80 фоизга ошиб, ўтган йил якунига кўра 18 миллиард долларни ташкил этди.
2025 йил март ойида қўшма Ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилди, унинг якунида техник тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ишбилармонлик ташаббусларини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Қарийб 40 та аниқ тадбирни қамраб олган янги уч йиллик режани амалга ошириш бошланди. Ўзбекистон ЕОИИнинг муҳим ташаббуслари, жумладан, “Евросиё агроэкспресс”, электрон савдони ривожлантириш, юк ташишни рақамлаштириш ва иқлим кун тартиби каби лойиҳа ва дастурларида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Бундан ташқари, апрель ойида Ўзбекистоннинг Евросиё тараққиёт банкини таъсис этиш тўғрисидаги битимга қўшилиш жараёнлари якунланди. Банк билан биргаликда инфратузилмани модернизация қилиш, металлургия, тўқимачилик, кимё ва бошқа стратегик тармоқларда истиқболли лойиҳалар портфели ишлаб чиқилмоқда.
Давлат раҳбари ЕОИИ билан шерикликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича ўз нуқтаи назарини баён қилди.
Ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон мамлакатлар ўртасидаги эркин савдо зонаси фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ барча келишувларни тўлиқ бажариб келаётгани таъкидланди.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг савдо операцияларини техник тартибга солиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва тизимларини яқинлаштиришга қаратилган қатор таклифларини экспертлар даражасида ишлаб чиқишни жадаллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон савдони қўллаб-қувватлаш воситалари ва механизмларида — ЕОИИ техник жиҳатдан тартибга солишнинг рақамли тизими ва рақамли транспорт йўлаклари экотизими, Евросиё қайта суғурталаш компанияси кабиларда қатнашишдан манфаатдор экани қайд этилди.
Замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект жадал ривожланаётганини ҳисобга олиб, рақамлаштириш соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорлик истиқболлари кўрсатиб ўтилди. Бу борада электрон савдо, товарларни рақамли маркировкалаш, янги авлод логистика платформаларини яратиш, муайян тармоқларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш каби йўналишларни қамраб олган алоҳида дастур қабул қилиш таклиф этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ўтказиш пунктларининг ягона интеграциялашган ахборот тизимида иштирок этиши мумкинлиги таъкидланди. Бу чегаралардан ўтишни тезлаштириш, мониторинг самарадорлиги ва барча тартиб-таомилларнинг шаффофлигини таъминлаш имконини беради.
Кооперация алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича йўлга қўйилган дастурлар доирасида, шу жумладан ЕОИИ Ишбилармонлар кенгаши билан биргаликда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.
Ўзбекистон саноат лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизми ҳамда Саноат кооперацияси ва технологиялар трансфери бўйича Евросиё тармоғи платформасининг имкониятларидан фойдаланишдан манфаатдор эканлиги айтилди.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳамкорлиги учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан Агрокооперация дастурини қабул қилиш ҳақидаги ташаббусни амалга ошириш шулар жумласидан. Ушбу дастур илғор технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш қоидаларини соддалаштириш, “яшил” йўлакнинг самарали ишлаши ва кенгайтирилишини назарда тутади.
Бундан ташқари, ЕОИИ бўйича ҳамкорлар билан тартиб-қоидаларни соддалаштириш ва меҳнат ресурслари ҳаракатчанлигини ошириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Шу муносабат билан меҳнат бозорида талаб юқори бўлган соҳаларда касбий стандартлар ва малака талабларини яқинлаштириш масалалари юзасидан экспертлар маслаҳатлашувини ўтказиш таклиф этилди.
Шунингдек, ташкилот доирасида ишга туширилган “Чегарасиз меҳнат” интеграциялашган платформасига қўшилишга тайёрлик ҳам билдирилди.
Якунда давлат раҳбари Ўзбекистоннинг ЕОИИ доирасидаги кўп томонлама дастур ва лойиҳаларда иштироки иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда мамлакатларнинг барқарор ривожланишига хизмат қилиши таъкидлади.
Изоҳ (0)