Кўксарой қароргоҳида 10 июнь куни Шавкат Мирзиёев ва Болгария президенти Румен Радевнинг расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, унда Ўзбекистон билан Болгария ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Шавкат Мирзиёев Болгария етакчисини қутлаб, сўнгги 17 йилдаги биринчи саммит тарихий аҳамиятга эга эканини, Ўзбекистон—Болгария дўстлик ва шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишини таъкидлади. Кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташқи сиёсат идоралари ўртасида тизимли алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
-HFEQprbo.avif)
Савдони, энг аввало, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё ва фармасевтика маҳсулотлари, металл буюмлар ва технологик ускуналар етказиб беришни кенгайтириш орқали кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро савдонинг ўсишини рағбатлантириш мақсадида пойтахтларда савдо уйлари очиш, лабораторияларни аккредитациядан ўтказиш ва имтиёзли кредит линиялари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, геология, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва IT, туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш устувор йўналиш сифатида қайд этилди.
Самарали ерусти ва ҳаво транспорт йўлакларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, томонлар икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олдилар.
Меҳнат ресурслари соҳасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун София шаҳрида Ўзбекистон Миграция агентлиги ваколатхонасини очиш масаласи кўриб чиқилади.

Гуманитар алоқаларни, шу жумладан академик ва илмий алмашинувларни фаоллаштириш, жорий йилда Андижон шаҳрида етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг учрашувини ўтказиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Шунингдек, келгуси йилда Ўзбекистон ва Болгария маданияти ва киноси ҳафталигини ташкил этишга келишиб олинди.
Эришилган келишувлар ижроси устидан тизимли назоратни таъминлаш мақсадида томонлар қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш ва ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари даражасини ошириш, унинг ишига ҳудудлар ва йирик компаниялар раҳбарларини жалб қилишга келишилди.
Учрашув якунида Румен Радев Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Болгарияга боришга таклиф этди.
Ўзбекистон—Болгария музокаларидан лавҳалар



Болгария президенти Румен Радев Шавкат Мирзиёев таклифига биноан 9 июнь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келганди. 10 июнда уни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Болгария президенти Румен Радев IV Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этади.
Изоҳ (0)