Ўзбекистонда болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 2 та жиноят иши ҳамда 5 та маъмурий иш қўзғатилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани ахборот хизмати раҳбари Дилноза Юсупова ярим йиллик фаолият тўғрисида берган маълумоти давомида хабар қилди.

Унга кўра, жорий йилнинг 1-ярмида болалар омбудсмани номига 885 та мурожаат келиб тушди. 665 та мурожаат Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан назоратга олинган бўлиб, 160 таси тегишлилиги бўйича юборилган, 60 та мурожаат такрорий бўлгани туфайли кўрилмасдан қолдирилди, назоратга олинган 61 та мурожаат эса ижобий ҳал қилинди.
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили 21 маротаба шахсий қабул ўтказилиб, қабуллар давомида 87 нафар фуқаро мурожаати қабул қилинди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш, боланинг манфаатлари бузилгани ҳолатларини ўз ташаббусига кўра текшириш билан боғлиқ материалларни умумлаштириш асосида Вазирлар Маҳкамасига 5 та, Ички ишлар вазирлигига 4 та сўров хатлари киритилди.
Умуман олганда, интернет мониторингида бола ҳуқуқларининг бузилишига оид 185 та ҳолат аниқланди ва тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда текширилиб, бундан 60 та ҳолат болаларга нисбатан зўравонликка оид бўлиб, 16 та жиноят иши ҳамда 22 та маъмурий иш қўзғатилди.
Ота-онаси ва бошқа яқинлари берган мурожаатлар бўйича 5 нафар бола хориждан Ўзбекистонга олиб келинишига, 1 нафар бола ўз юртига, Россияга қайтарилишига эришилди. Россиянинг турли ҳудудларида қаровсиз қолиб кетган 16 нафар болага бўлиб турган шаҳарларида барча зарур шарт-шароитлар таъминланиб, сўнг Ўзбекистонга қайтарилди.
2025 йил 26 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЭФ ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди. Конференцияда “Мажбуриятдан ҳаракатга: болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича стратегия ва миллий истиқболлар” мавзуси муҳокама қилинди.
2024 йилда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ қуйидаги ҳолатлар қайд этилган:
- 412 нафар бола жинсий зўравонликдан жабрланган;
- 1 028 нафар бола жисмоний зўравонликка учраган;
- 929 нафар бола психологик босимни бошидан кечирган;
- 14 нафар бола эксплуатация қурбони бўлган;
- 106 нафар бола катталарнинг қатъий бефарқ муносабатига дуч келган.
Изоҳ (0)