Ўзбекистонда ўқитувчилар бераётган билимлар ҳаётга татбиқ қилинмаётгани сабаб уларнинг ҳурмати юқори эмас. Бу ҳақда сиёсатшунос Ҳамид Содиқ YouTube’даги “Sodiq School” каналига берган интервьюсида фикр билдирди.

Ҳамид Содиқнинг айтишича, устоз айтаётган гаплар жамият ва давлатдаги ҳақиқатга тўғри келиши керак. Шундагина унинг қадри бўлади.
“Агар давлатда қонун устувор бўлмаса, ҳуқуқшуноснинг обрўси бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам шундай. Мен ҳуқуқшунослик фанидан дарс берганман. Дарсларимизнинг обрўси йўқ эди. Конституциявий ҳуқуқдан дарс берсангиз, мамлакатда Конституцияга амал қилинмайдиган бўлса, болалар сизнинг фанингизни бир тийинга олмайди. Дейлик, маъмурий ҳуқуқ ёки жиноят ҳуқуқидан дарс берсангиз, лекин давлатингизда маъмурий қоидаларга, жиноят ҳуқуқига амал қилинмайдиган бўлса, ҳуқуқшуноснинг ва ҳуқуқий фанларнинг қадри тушиб кетади. Шунинг учун устоз қадри бўлиши учун у айтаётган гаплар жамият ва давлатдаги ҳақиқатга тўғри келиши, ишлаши керак. Бўлмаса, устоз ҳурматдан қолади. Шунинг учун ҳам ҳозир устозларнинг ҳурмати йўқ, уларга қўл кўтарилади. Чунки инсон социал мавжудот. У фойдали нарсани бераётганларгагина ҳурмат кўрсатади”, деди таҳлилчи.
Сиёсатшунос фикрини давом эттириб, давлат ва хусусий мактабларда ишлаётган ўқитувчилар фаолиятини таққослади.
“Нима учун хусусий мактаблардаги устозларнинг қадри бошқачароқ? Чунки улар ҳақиқатга кўпроқ яқин. Нима учун, дейлик, инглиз тили устози айрим давлат мактабларида 11-синф қизлари билан тортишиб, уришиб кетади? Нега хусусий мактабларда инглиз тили ўқитувчилари бошига кўтарилади? Чунки улар IELTS’ни кафолатлаб қўйган.
Бизлар социал махлуқмиз ва ҳақиқатан ҳам ўқитувчи бераётган билимлар фойда келтираётгани учун маълум бир маънода ҳурмат қиламиз. Устоз сенга IELTS’дан 7 балл олишни таъминлайдиган тизимли таълим бериб бораётган пайтда, сен у билан уришмайсан. Устознинг бераётган билими ҳаётга татбиқ этилмагани учун устозларга ҳурматсизлик қилинади. Бу табиий нарса. Агар сен айтаётган эфемер нарсалар эртага ўқувчининг ҳаётида қўлланилмаса, у сени ҳурмат қилмайди. Катта муаммо шу ерда, яъни ўқитувчилар томонидан берилаётган билимларнинг ҳаётга татбиқ қилинмаслигида. Шунинг учун мен айтган бўлардимки, жамият ва давлатда қонун устувор бўлиш керак. Устозлар айтган фикрлар ишлай бошлагандан кейингина жамият, давлат ва устоз баланси таъминланади. Бўлмаса, баланс таъминланмайди”, деди Ҳамид Содиқ.
Аввалроқ Қашқадарёдаги давлат мактабида ўқувчи инглиз тили ўқитувчиси юзига тарсаки туширгани хабар қилинганди. Ўқитувчига нисбатан қўполлик Сирдарё вилоятидаги давлат мактабида ҳам содир этилган. Унда ўқувчининг онаси ўқитувчининг юзига мушт тушириб, ўлдириш билан таҳдид қилган.
Статистика қўмитаси 2025 йил февралда Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим ташкилотларида жами 564,9 минг нафар ўқитувчи ишлаётганини маълум қилган.
Изоҳ (0)