Шимолий Ирландиянинг Баллимина шаҳрида ўсмир қизнинг зўрланиши туфайли муҳожирларга қарши юз берган тартибсизликлар натижасида 15 нафар полициячи яраланди, бир неча уйлар вайрон қилинди. Бу ҳақда Daily Mail хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, душанба куни кечқурун 3 мингга яқин одам Олстер пойтахти Белфастдан тахминан 45 км узоқликда жойлашган шаҳар кўчаларига чиққан. Зўрлаш содир бўлган жой яқинида ўтказилган намойиш вақт ўтиши билан полиция билан тўқнашувга айланиб кетган. Намойишчилар ҳуқуқ-тартибот ходимларига тош ва шиша идишлар ота бошлаган. Бундан ташқари, ниқоб таққан шахслар турар жой биноларига ёнувчи аралашма солинган шишаларни улоқтирган.
“Тўртта уй вайрон қилинди, яна иккита кўчмас мулк шикастланди. Тартибсизликлар оқибатида 15 нафар полициячи касалхонага ётқизилди”, деб ёзади нашр.

Маълум бўлишича, қизнинг зўрланиши шанба куни кечқурун Баллиминада содир бўлган. Воқеа изидан 14 ёшли икки ўсмир қўлга олинган. Бироқ иккала ҳибсга олинган ҳам буни рад этган. Улар судьянинг саволларига румин таржимони ёрдамида жавоб беришган.
Таъкидланишича, намойиш дастлаб болалар ва уларнинг дахлсизлигини ҳимоя қилувчи плакатлар билан тинч ўтказилган. Аммо кейинчалик баррикадалар қурилиши билан тартибсизликларга айланиб кетган.

“Баллиминада содир бўлган тартибсизликлар катта ташвиш уйғотмоқда. Бу ҳудуддаги жинсий зўравонлик ҳақидаги хабарлар жуда хавотирли, аммо маҳаллий жамоаларни ҳимоя қилишда давом этаётган полиция ходимларига ҳужум қилишнинг ҳеч қандай баҳонаси йўқ”, дейди Шимолий Ирландия Бош вазирининг расмий вакили.

Бундан аввал Лос-Анжелесда ноқонуний муҳожирларни аниқлаш мақсадида ўтказилган рейддан сўнг тартибсизликлар бошлангани маълум бўлганди. Намойишчилар полиция билан тўқнашувлар ва талончиликларга қўл урди. Оқ уй вакили содир бўлаётган воқеаларни исён деб баҳолади.
Изоҳ (0)