Кўплаб болалар таътил пайтида эртадан кечгача смартфондаги чатлар, видео ўйинлар ёки сериалларга муккасидан кетади. Буни ҳолатни ўзгартирса бўладими?
Мувозанат сақланг
Ўсмирларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатадиган жуда кўп омиллар мавжуд: уйқу етишмаслиги, жисмоний фаолликнинг камлиги, нотўғри овқатланиш, нонушта қилмаслик. Агар ўсмир фарзандингиз сиздан узоқлашиб, ётоқхонасидан чиқмай қўйган бўлса, бу муаммоларнинг барчасини бир вақтнинг ўзида ҳал қилишга уриниш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Барча тушкун фикрларни ёки у нима қилиши керак-у, нима қилмаслиги кераклиги ҳақидаги мулоҳазаларни четга суриб қўйинг ва мутлақ мукаммалликка эмас, мувозанатга эришишга ҳаракат қилинг.
Телефон ҳақида гап кетганда, умуман ишлатмаслик керак дегани эмас, балки уни иккинчи ўринга қўйиш лозим. Агар ўсмирингиз ўзи билан телефон олиб, сиз билан вақт ўтказса ёки фойдали жисмоний фаолият билан шуғулланса айни муддао. Агар ҳақиқатан ҳам унинг телефонда гаплашишини хоҳламасангиз, олдиндан келишиб олинг ва буни аниқлаштиринг.
Яхши намуна бўлинг
Ота-она сифатида фарзандларимизга телефондан фойдаланишни ўзимиз қандай бошқаришимизни ва руҳий ҳамда жисмоний саломатлигимиз ҳақида қандай ғамхўрлик қилишимизни кўрсатиб беришимиз лозим. Ўсмирлар биринчи навбатда катталарни иккиюзламачиликда айблайди: улар ўзлари тез-тез телефондан фойдалансалар-да, болаларидан шикоят қилади. Агар ухлашдан олдин ижтимоий тармоқларни кўриб чиқсангиз, нега улар буни қила олмаслиги керак?
Агар унинг телефонини қўйиб қўйишини истасангиз, сиз ҳам гаджетингизни ўчириб қўйишингиз керак. Агар ўсмирингиз сизни китоб ўқиётганингизни, спорт билан шуғулланаётганингизни ёки гаплашаётганингизни ҳеч қачон кўрмаса, унинг ҳам шундай қилишини кутолмайсиз.
Биз қадриятларимизни аниқлаб олишимиз ва гаджетлардан бўш вақт ҳам биз учун муҳимлигини ва ўзимизга ғамхўрлик қилиш учун кичик қадамлар қўйишимиз мумкинлигини кўрсатишимиз керак.
Технологияга соғлом муносабат шакллантиринг
Телевизорни ҳеч ким томоша қилмаётганда ўчириб қўйиш ёки ижтимоий тармоқларда фақат фойдали ва руҳиятга ижобий таъсир қиладиган саҳифаларга обуна бўлиш — бу технологиядан фойдали фойдаланишнинг оддий мисолларидир. Болаларимизга ҳам айнан шундай одатни кўрсатиш муҳим.
Гаджетсиз ҳудудлар белгиланг
Уйда экранлардан холи зоналарни ташкил этинг: масалан, ётоқхонада ёки овқатланиш пайтида телефон ишлатилмаслиги қатъий қоидага айлансин. Шунингдек, маълум вақт оралиғини — эрталаблари, кечки соат 21:00 дан кейин ёки якшанба кунлари тушдан кейин — “гаджетларсиз вақт” деб белгилаш мумкин.
Бу қоидалар фақат болалар учун эмас, балки барча оила аъзолари — катталар ва меҳмонлар учун ҳам амал қилиши лозим.
Бу борада очиқ суҳбат қилинг
Фарзандингиз билан телефон ёки интернетдан вақтинча дам олишнинг фойдаси ҳақида очиқ ва дўстона суҳбат қилинг. Масалан, “Мен сенинг дўстларинг билан алоқада бўлишинг муҳимлигини тушунаман. Шу билан бирга, ҳаммамизга бир оз телефонсиз дам олишимиз ҳам керак. Қандай қилиб буни биргаликда амалга оширсак бўлади?” деган тарзда мурожаат қилиш мумкин.
Оилавий анъаналарни ривожлантиринг
Гаджетсиз зоналарни яратиш — бу кўпроқ биргаликда вақт ўтказиш дегани. Масалан, ҳар ҳафта биргаликда овқатланиш, жума куни стол ўйинлари ўйнаш, якшанба сайрларига чиқиш ёки спорт тадбирларида иштирок этиш — буларнинг барчаси соғлом оилавий муҳит яратишга хизмат қилади.
Хулоса
Фарзандлар, айниқса ўсмирлар, доимий “кўриниш” ва ижтимоий баҳоланиш босимида яшамоқда. Оилавий ҳаётда технологиялардан холи вақт ажратиш уларнинг руҳий саломатлиги учун жуда фойдали. Шунчаки бирга овқатланинг, кулинг, ўйнанг — ва бу анъаналарни имкон қадар узоқ давом эттиринг.
Изоҳ (0)