Францияда 299 нафар болани зўрлашда айбдор деб топилган собиқ жарроҳ 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда The Independent хабар берди.

Айбланувчи 74 ёшда Жоэл Ле Скуарнек бўлиб, у 1989 йилдан 2014 йилгача педофиллик қилган. Жумладан, ўттиз йилга яқин вақт давомида 158 нафар ўғил ва 141 нафар қизни зўрлаган. Жабрланганлар ўртача 11 ёшда бўлган. Эркак вояга етмаганларга жинсий тажовуз қилганида беморлар касалхонада ёлғиз бўлган. Баъзи болалар ўша пайтда ҳушсиз бўлган ва нима бўлганини эслай олмаган.
Шифокорга нисбатан суд жараёни 2025 йил бошида бошланган. Айбланувчи барча бандлар бўйича ўзини айбдор деб тан олган.
Улар ёш бола эди... Бу жароҳатларни тузатиб бўлмаслигини биламан. Мен ўтмишга қайта олмайман, бироқ бу инсонлар ва уларнинг яқинлари олдида ҳаракатларим учун жавобгарликни ўз зиммамга оламан, деб айтган Ле Скуарнек.
У 2020 йилдан бери тўрт нафар болани, жумладан, икки нафар жиянини зўрлагани учун жазо муддатини ўтамоқда. Ўшанда суд уни 15 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Суднинг янги ҳукми билан эркак 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Бу иш Франция тарихида жабрланганлар сони бўйича болаларга нисбатан зўравонлик бўйича энг йирик иш бўлди. Ле Скуарнек томонидан зўравонликка учраганида 10 ёшда бўлган жабрланувчилардан бири Франция қонунларини ўзгартириш кераклигини айтди.
У атиги 20 йилга қамалди. Қўшма Штатларда у минглаб йил қамоқда ўтирарди. Бундай одамнинг озодликка чиқиши мумкинлиги чидаб бўлмас ҳол, деди у.
Францияда педофилия билан боғлиқ жиноятлар учун энг оғир жазо — 20 йилгача озодликдан маҳрум қилишдир. 2021 йилда қабул қилинган қонунга кўра, 15 ёшга тўлмаган болалар билан жинсий алоқа автоматик равишда зўрлаш деб баҳоланади ва бу жиноят учун максимал жазо 20 йил қамоқ ҳисобланади.
Изоҳ (0)