Дунё бўйича давлат қарзи 2024 йилда рекорд даражадаги 102 триллион долларга етди. Унинг қарийб учдан бир қисми — 31 триллиони ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Ривожланаётган давлатлар фақат фоиз тўлашга 921 миллиард доллар сарфлаган. Бу эса бюджетларга путур етказади ва асосий давлат хизматларини хавф остига қўяди. 2010 йилдан бери ривожланаётган мамлакатларда давлат қарзи ривожланганларга нисбатан икки баравар тез ўсди. Бугунги кунда 3,4 миллиард киши соғлиқни сақлаш ёки таълимдан кўра фоиз тўловларига кўпроқ маблағ сарфланадиган мамлакатларда яшайди.
♦ Ўсиб бораётган қарзлар, чуқурлашиб бораётган тенгсизлик
Ривожланаётган мамлакатларда давлат қарзи минтақалар бўйича фарқланади: жаҳон қарзининг 24 фоизи Осиё ва Океанияга, 5 фоизи Лотин Америкасига, атиги 2 фоизи эса Африкага тўғри келади. Шу билан бирга, камбағалроқ давлатлар АҚШга нисбатан 2-4 баравар юқори фоиз ставкаларида қарз олишга мажбур бўлмоқда.
2023 йилда ривожланаётган мамлакатлар ташқи кредиторларга 487 миллиард доллар тўлади. Бу олинган маблағлардан 25 миллиард долларга кўп. Бу бир неча йилдан бери маблағлар чиқиб кетишда давом этаётганини англатади.
♦ Европа ва Марказий Осиё
Мазкур минтақаларда давлат қарзи ҳажми 2010 йилдан 2022 йилгача 2,5 баравар ошган, умумий иқтисодиёт эса атиги 1,4 баравар ўсган. Айниқса, Кавказ мамлакатлари, энергия экспорт қилувчи мамлакатлар ва Ғарбий Болқонда қарз тез суръатларда ўсган.
Ўзбекистонда ўсиш энг юқори тезликда кечди, аммо мамлакат жуда паст қарз даражасидан бошлаганди. Тожикистонда қарз 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 50 фоизига етди, сўнгра пасайишни бошлади. Шундай бўлса-да, мамлакат ҳамон қарз инқирози хавфи юқори бўлган ҳудудда қолмоқда, дейилади БМТ ҳисоботида.
Уруш фонида Украинанинг давлат қарзи яна кўпайди. Жумладан, 2022 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 82 фоизига етиб, 2010 йилдаги даражадан деярли икки баробар ошди.
♦ Россиядаги вазият
Россия минтақадаги энг йирик иқтисодиёт бўлиб қолмоқда ва Европа ҳамда Марказий Осиё давлат қарзи умумий ҳажмининг ярмидан кўпини ташкил этади. Бироқ кўплаб қўшнилардан фарқли ўлароқ, Россияда қарзнинг кўпайиши асосан ташқи қарзлар эмас, балки ички қарзлар туфайли юзага келди. Яъни давлат маблағларни асосан хорижий кредиторлардан эмас, балки ички бозордан жалб қилган.
Шу сабабли Россия валюта хавф-хатарларига, яъни валюта курси тебраниши ва хорижий молиявий манбаларга кириш имконининг чекланишига камроқ боғланган. Шундай бўлса-да, унинг давлат қарзи, айниқса пандемиядан сўнг ҳамда санкциялар босими ва ҳарбий харажатлар шароитида бюджет сарфларининг кўпайиши натижасида ўсишда давом этди.
♦ Ташқи хатарлар ва қарз олишнинг юқори нархи
Бошқа кўплаб мамлакатларда қарзнинг асосий қисмини ташқи қарз ташкил этади. Бу эса уларни валюта курслари ўзгариши ва глобал инқирозларга нисбатан заиф қилади. Давлат қарзларининг ўртача 70 фоизини ташқи қарз ташкил қилмоқда.
Қозоғистондан ташқари барча мамлакатларнинг кредит рейтинги инвестиция даражасидан паст. Шу боис улар юқори фоизларда қарз олишга мажбур. Бу, айниқса, Тожикистонга тааллуқли бўлиб, у 2027 йилда еврооблигациялар бўйича тўловларни амалга ошириши керак бўлади. Агар у имтиёзли қарзлар шаклида халқаро ёрдам олмаса, қарз инқирозидан қутулиш қийин бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)