АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш суръатини ошириш мақсадида уларни сақлаш учун чодир шаҳарлар барпо этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси ўзи кўриш имконига эга бўлган ички ҳужжатларга асосланиб маълум қилмоқда.

Маълум қилинишича, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти амалдорлари ноқонуний муҳожирларни жойлаштириш учун мавжуд жойлар сонининг чекланганлиги уларни депортация қилиш суръатини оширишга тўсқинлик қилаётганини аниқлаган. Улар 2025 йил охиригача муҳожирларни жойлаштириш учун 100 мингтагача ўрин ташкил этишни мақсад қилган. Нашрнинг эслатишича, июль ойи бошида АҚШ Конгресси иммиграция полициясига 2029 йилгача бўлган режаларини амалга ошириш учун 74 миллиард доллар ажратган эди.
“Режаларда АҚШ ҳарбий базалари ва уларга туташ ICE қамоқхоналарида сақлаш имкониятларини тезда кенгайтириш учун иложи борича тезроқ чодир ёки “мустаҳкамланган юмшоқ иншоотлар” қуришга устувор аҳамият берилган”, дея таъкидлайди нашр.
Номи ошкор этилмаган амалдорларнинг айтишича, улар бундай ёндашувни афзал кўришади, чунки бу бутун мамлакат бўйлаб “қамоқхона камералари”ни қидиришдан кўра, муҳожирларни сақлаш учун кўпроқ жой яратишга ёрдам беради.

The Wall Street Journal иммиграция полициясининг ички ҳужжатларига таяниб қўшимча қилишича, идора ноқонуний муҳожирлар учун 9 мингдан ортиқ жой яратишга имкон берадиган тўққизта янги лойиҳа устида ишламоқда.
“Ҳужжатларда кўрсатилган устуворликлардан биринчиси - бу Техасдаги Форт Bliss ҳарбий гарнизонида 5 минг ўринли чодир шаҳар қуришдир. Ўтган ҳафта бу лойиҳа бошқа компанияга топширилди ва иммиграция полицияси уни августгача фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда”, деб ёзади нашр ҳужжатларга таяниб.
Газета маълумотларига кўра, полициянинг бошқа устувор йўналишлари орасида Колорадо штатидаги Хадсон ахлоқ тузатиш муассасасида, Индиана штатидаги Аттербери ҳарбий гарнизонида ва Нью-Жерсидаги МакГуайр-Дикс-Лейкхерст қўшма базасида қўшимча ўринлар яратиш ҳам бор.
АҚШ президенти Дональд Трамп йил бошида ноқонуний миграцияга қарши курашни бошлаганидан сўнг, АҚШда ноқонуний истиқомат қилаётган 1 миллионга яқин чет эллик мамлакатдан чиқиб кетди.
Изоҳ (0)