Бугун, 21 июль куни тонгда Навоий шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда чангсимон тутун кузатилди. Экология вазирлиги вазият юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳудудда атмосфера ҳавоси ифлослангани билан боғлиқ вазият Экология бошқармаси томонидан ўрганилмоқда. Айни дамда ифлосланиш манбалари текшириляпти.
Навоий шаҳар саноат ҳудудлари атрофида таҳлиллар ўтказилди. Натижаларга кўра, “Навоийазот” ва “Сагда Кимё” корхоналари атрофида ифлослантирувчи моддалар миқдори меъёрдан юқори эмаслиги аниқланган, дейилади манба хабарида.
Бошқарма аввалроқ “Навоийазот” атрофида таҳлил ишлари олиб борилганини эслатган. Натижаларга кўра, ҳудуд атмосфераси таркибида аммиак 1,4 баравар, водород сулфид 16,8 баравар меъёрдан юқори экани маълум бўлган.
Айни пайтда ушбу ҳудудда жойлашган бир нечта саноат корхоналари фаолиятини ўрганиш учун текширувлар тайинланган. Ўрганиш жараёнлари бевосита жамоатчилик вакиллари иштирокида олиб борилиши режалаштирилган. Текширув натижалари юзасидан қўшимча маълумот берилади.
Аввалроқ “Навоийазот” АЖ ҳолатга муносабат билдириб, ҳаво ифлосланиши компания фаолияти билан боғлиқ эмаслигини маълум қилган. Корхонанинг ёзишича, чангсимон тутун собиқ Навоий электрокимё заводи ўрнида қурилган корхоналардан чиққан.
Навоий шаҳри ҳудудида чангсимон тутун 13 ва 19 июль кунлари ҳам кузатилганди. Навоий вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси буни “Навоийазот” корхонаси фаолияти билан боғлаган. Текшириш ишлари якуни билан қўшимча ахборот берилиши хабар қилинган.
Изоҳ (0)