Бангладеш ҳарбий-ҳаво кучларининг ўқув самолёти мамлакат пойтахти Даккадаги мактаб ҳудудига қулаши оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлди, 150 дан ортиқ одам жароҳат олди.

Расмий манбалар ҳалок бўлганлар ва жароҳатланган кишилар сони ҳақида турли маълумотлар келтираётгани сабабли, қурбонлар сони ошиши мумкин.
Гувоҳларнинг айтишича, самолёт тўғридан-тўғри Milestone School and College номли икки қаватли мактаб биносига урилган. Уттара шимолий туманидаги мактабнинг кузатув камераларидан олинган тасвирларда ҳалокат содир бўлгандан сўнг кучли ёнғин ва қалин тутун кўриниб турибди.
Миллий куйиш ва пластик жарроҳлик институти шифокорининг журналистларга хабар беришича, 50 дан ортиқ киши — болалар ва катталар куйиш жароҳатлари билан касалхонага етказилган.
Воқеа жойидан олинган суратларда ўнлаб қутқарувчилар тирик қолганларни излаб, куйган вайроналарни титкилаётгани, атрофдаги биноларга чиқиб олган томошабинларнинг улкан оломони эса воқеаларни кузатиб тургани кўринади.

Ҳарбийлар ҳодисада уларнинг самолётларидан бири иштирок этганини тасдиқлаган.
“Бангладеш ҳарбий-ҳаво кучларининг F-7 BGI ўқув самолёти Уттарада ҳалокатга учради. Самолёт соат 13:06 да парвозга чиққан”, дея маълум қилинди Ҳарбий ҳаво кучлари баёнотида.
Пойтахтдаги авиабазадан кўтарилган учувчи, механик носозлик юз берганидан сўнг, самолётни аҳоли кам яшайдиган ҳудудга йўналтиришга уринган, бироқ уддалай олмаган.

Мамлакат ёнғин хавфсизлиги хизмати маълум қилишича, воқеа жойида тўққизта бўлинма ва олтита тез ёрдам машинаси ишламоқда. Ҳодисани текшириш учун махсус комиссия тузилган.
Бангладеш муваққат ҳукумати раҳбари Муҳаммад Юнуснинг таъкидлашича, ҳукумат ҳодиса сабабларини ўрганиш ва “ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш” учун “зарур чораларни” кўради.
“Бу бутун миллат учун чуқур қайғули дамдир. Мен жароҳатланганларга тезроқ соғайиб кетишларини тилайман ва барча давлат идораларига, жумладан, тегишли шифохоналарга вазиятга жиддий ёндашишни топшираман”, дея ёзди у Х ижтимоий тармоғидаги хабарида.
Таъкидланишича, 22 июль Бангладешда мотам куни деб эълон қилинди, бутун мамлакат бўйлаб миллий байроқ туширилади.
Изоҳ (0)