АҚШ президенти Дональд Трамп пайшанба куни кечқурун бош прокурор Пам Бондига Жеффри Эпштейн иши бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан йиғилган барча махфий материалларни ошкор қилишни топширганини эълон қилди. Бу ҳақда CBS News хабер берди.

Трамп бу қадамни “демократларнинг яна бир ёлғонига барҳам бериш учун керак”, дея изоҳлади.
“Жеффри Эпштейн атрофида сунъий тарзда яратилган ғайриоддий даражадаги шов-шувлар туфайли, мен бош прокурор Пам Бондидан суд розилиги асосида мавжуд бўлган барча тегишли катта ҳайъат гувоҳликларини ошкор этишни сўрадим. Демократлар томонидан уюштирилган бу фирибгарлик дарҳол тугатилиши керак!”, деб ёзган Трамп ўзининг Truth Social платформасида.
Бундан бир неча дақиқа ўтиб, Америка бош прокурори Пам Бонди ўзининг Х ижтимоий тармоғида шундай деб ёзди: “Биз эртага катта ҳайъат эшитуви стенограммаларини ошкор этиш учун судга мурожаат қилишга тайёрмиз”.
CBS News нашрининг ёзишича, материаллар ошкор қилиниши ёки қилинмаслиги бўйича якуний қарорни судья қабул қилади. Бу жараён бир оз вақт олиши мумкин ва дарҳол амалга ошиши кутилмаяпти.
Аввалроқ Трампнинг тарафдорлари Оқ уйни “Эпштейн иши” бўйича барча маълумотларни ошкор қилмаганликда айблаб, норозилик билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, Жеффри Эпштейн бадавлат шахслар учум вояга етмаган қизлар иштирокида кечалар ташкил қилишда айбланган эди.
Изоҳ (0)