Лос-Анжелесдаги машғулот базасида юз берган портлаш оқибатида камида уч нафар шериф ёрдамчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда АҚШ бош прокурори Пем Бонди Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берди.

“Ҳозиргина федерал прокурор Билл Эссайлига Лос-Анжелесдаги ҳуқуқ-тартибот ходимлари учун мўлжалланган ўқув полигонида содир бўлган фожиали ҳодиса тўғрисида маълумот бердим. Унда камида уч киши ҳалок бўлган. Илтимос, ҳалок бўлган шериф ёрдамчиларининг оилалари учун дуо қилинг”, дея ёзди Бонди.
Маълум қилинишича, воқеа маҳаллий вақт билан соат 07:25 атрофида рўй берган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўқ-дориларни бир жойдан бошқа жойга кўчираётган пайтда портлаш содир бўлган.
Бондининг айтишича, прокуратура ходимлари ҳодиса жойида бўлиб, вазиятни ўрганмоқда.

Лос-Анжелес мэри Карен Басс Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилишича, ўқув марказида Алкоголь, тамаки, ўқотар қуроллар ва портловчи моддалар бюросининг ўт қўйиш бўйича терговчилари, Лос-Анжелес ўт ўчириш хизмати ва Лос-Анжелес полиция бошқармасининг сапёрлари фаолият юритмоқда.
Калифорния губернатори Гевин Ньюсом идорасининг хабар беришича, у воқеадан хабардор қилинган ва губернаторнинг фавқулодда вазиятлар бошқармаси шериф департаменти билан алоқада бўлиб, вазиятни синчковлик билан кузатиб бормоқда.
КАBC-TV телеканалидан олинган аэрофотосуратга кўра, портлаш патрул машиналари ва шериф юк машиналари тўла автомобиль тўхташ жойида содир бўлган.
Изоҳ (0)