2025 йил I ярмида солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган 2 минг 150 та корхонада текширув ўтказилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, олти ой давомида ўтказилган аудитда 1 минг 64 та корхона 13,1 трлн сўмлик солиқ базасини яширган. Жумладан, 386 та корхона 4,3 трлн сўмлик сотилган товарни умуман кўрсатмаган.
Текширилган 325 корхона омборида мавжуд бўлмаган 3,9 трлн сўмлик товарни “бор” деб ҳисобга киритган. Қолган 353 та корхонада 4,9 трлн сўмлик товар ҳужжатсиз сақланган ёки сотилган.
Солиқ базасини яширган юқоридаги корхоналарга нисбатан жами 2,6 трлн сўм жарима қўлланилган.
Қоидабузарликлар катта қисми қуйидаги соҳаларда аниқланган:
- Савдо ва овқатланиш — 4,2 трлн сўм (58,6 фоиз)
- Ишлаб чиқариш — 916,8 млрд сўм;
- Қурилиш — 775,2 млрд сўм.
Қолган қоида бузилишлар қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, транспорт ва бошқа соҳаларга тўғри келган.
“Бугунги кунда аниқланган солиқ суммаларидан тўлов муддати келган 6,6 трлн сўмнинг 1,2 трлн сўми (18,7 фоиз) тўлаб берилди”, дейилади қўмита хабарида.
Жорий йил апрелида мамлакатда жами 8,5 трлн сўмлик тўланмаган солиқлар борлиги айтилганди. 2025 йил I ярмида солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган фуқароларга 17,7 млрд сўм мукофот пуллари тўлангани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)