Дональд Трамп АҚШ стейблкоинлари учун миллий инновацияларни бошқариш ва яратиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Оқ уйнинг расмий веб-сайтида маълум қилинди.

АҚШ кафолати остидаги янги криптовалюта
Стейблкоин бу — курси барқарор активнинг қийматига боғланган криптовалюта тури ҳисобланади. АҚШда бу доллар ёки қисқа муддатли хазина облигациялари бўлади. Стейблкоин чиқарувчиларга ўз захиралари таркибини ҳар ойда ошкора эълон қилиш мажбурияти юкланди.
“GENIUS АҚШ давлат қарзига бўлган талабни оширади ва долларнинг жаҳон захира валютаси сифатидаги мақомини мустаҳкамлайди”, дея таъкидланди Оқ уй баёнотида.
Улар яна қўшимча қилишича, янги қонун “Американи рақамли активлар соҳасида сўзсиз етакчига айлантиради” ва “тарихдаги биринчи стейблкоинларни тартибга солувчи федерал тизимни” яратади.
“GENIUS қонуни доллар билан таъминланган стейблкоинларнинг улкан салоҳиятини яратиш ва амалга ошириш учун аниқ ва содда меъёрий асосни яратади. Бу, эҳтимол, интернет пайдо бўлганидан бери молиявий технологиялардаги энг катта инқилоб бўлиши мумкин”, деди Трамп имзолагандан сўнг.
АҚШ мансабдор шахслари стейблкоинларни сотиб олишлари мумкин
Қонунни имзолаш маросимида технология ва криптовалюта компаниялари раҳбарлари иштирок этган.
Қонун лойиҳаси АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан кенг кўламли икки партиявий қўллаб-қувватлаш билан қабул қилинган. Демократлар амалдорлар ва уларнинг оила аъзоларига стейблкоинлар билан боғлиқ лойиҳаларда иштирок этишни тақиқлаш тўғрисидаги бандни қўшишга уринишган. Бироқ бу банд маъқулланмаган.
CoinGesko маълумотларига кўра, ҳозирда стейблкоинлар бозори 260 миллиард доллардан ортиқ баҳоланмоқда. Standard Chartered банки 2028 йилга келиб бу кўрсаткич 2 триллион долларгача ўсиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Изоҳ (0)