Исроил Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳри харобалари ўрнига қуришни режалаштирган “гуманитар шаҳар” фаластинликлар учун конслагер бўлади. Бу ҳақда Исроил собиқ бош вазири Эҳуд Олмерт маълум қилди.

Лагер қуриш буйруғи яҳудий мудофаа вазири Исроил Кац томонидан берилган. Объект 600 минг фаластинликни жойлаштиришга мўлжалланган. Олмерт мазкур лагерга фаластинликларни мажбуран кўчириш “этник тозалаш” ҳисобланишини айтди.
Исроил аллақачон Ғазо ва Ғарбий Соҳилда ҳарбий жиноятлар содир этмоқда, лагер қурилиши эса вазиятни янада кескинлаштиради, деди Исроил собиқ бош вазири.
У Ғазо аҳолисини мажбурий кўчириш “инсониятга қарши жиноятлар режаси” ҳисобланишини таъкидлади.
Бу конслагер бўлади. Афсуски, шундай. Агар фаластинликлар янги “гуманитар шаҳар”га мажбуран кўчирилса, буни этник тозалашнинг бир қисми дейиш мумкин. Бу ҳали содир бўлгани йўқ, деди у ва лагерга кирган фаластинликларга ташқарига чиқишга рухсат берилмаслигини айтди.
Сиёсатчи Исроилнинг ҳозирги ҳарбий кампаниясини этник тозалаш деб ҳисобламаслигини билдирди. Унинг фикрича, тинч аҳолини жанговар ҳаракатлардан ҳимоя қилиш мақсадида эвакуация қилиш халқаро ҳуқуққа кўра қонуний ҳисобланади. Чунки фаластинликлар ҳарбий операциялар тугагандан сўнг ҳудудларга қайтмоқда.
“Гуманитар шаҳар” лойиҳаси Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху томонидан қўллаб-қувватланган. Лойиҳани илгари сурган Кац бир неча бор “Ғазони тозалаш” кераклигини айтган. Шу сабабли Олмерт лагер фаластинликларни ҳимоя қилишга қаратилмаганини айтмоқда.
Улар лагер орқали Ғазонинг ярмидан кўпини “тозалаш”ни режалаштирган. Мақсад — фаластинликларни депортация қилиш, сиқиб чиқариш ва ташқарига улоқтиришдир. Мен буни бошқача тушуна олмайман, деган Исроил собиқ бош вазири.
Исроиллик инсон ҳуқуқлари бўйича адвокатлар ва олимлар бу режани “инсониятга қарши жиноятлар режаси” деб таърифлаган. Баъзилар агар қурилиш амалга ошса, “вазият маълум шароитларда геноцид жиноятига айланиши мумкинлиги” ҳақида огоҳлантирган.
Изоҳ (0)