Эрон ҳукумати Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) билан “янги форматда” ҳамкорлик олиб боради. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи маълум қилди.

Арақчининг сўзларига кўра, МАГАТЭ билан ҳамкорлик тўхтамаган. Агентликнинг Эронда текширувларни давом эттириш тўғрисидаги талаблари Миллий хавфсизлик олий кенгаши томонидан кўриб чиқилади.
Агентлик билан ҳамкорлигимиз янги шаклга киради, бу янги воқеликлар ва содир бўлган ҳодисалар нуқтайи назаридан табиий ҳолдир, деди Арақчи элчилар ва хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари билан учрашувда.
У Исроил ва АҚШ ҳужумларига учраган Эрон ядровий объектларига яқинлашиш “радиоактив материаллар тарқалиши ва портлашларни ўз ичига олган хавфларни келтириб чиқариши”ни айтди.
Инспекторларнинг ушбу объектларга яқинлашиши хавфсизлик борасида хавотир уйғотади, деди сиёсатчи.
У Эрон ядро дастури бўйича бўлажак музокараларга ҳам тўхталди. Жумладан, уранни бойитишга йўл қўймайдиган ҳар қандай келишув қўллаб-қувватланмайди.
Бундан ташқари, музокаралар мавзуси Эрон ракета дастури эмас, айнан ядро дастури бўлиши керак, деди дипломат.
2 июль куни Эрон президенти Масъуд Пезешкиён Теҳрон ва МАГАТЭ ўртасидаги ҳамкорликни тўхтатиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат президент томонидан имзоланган пайтдан бошлаб қонунан кучга кирган ва бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Эроннинг ядровий объектларига ҳужум
Исроил 13 июндан бошлаб Эронга тинимсиз ҳужум қилиб, унинг ядровий объектлари, мудофаа тизимлари, юқори мартабали ҳарбий амалдорлари ва ядрочи олимларини нишонга олди. Ҳужумлар оқибатида камида 627 киши, жумладан, кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди, деб хабар берди Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
22 июнь куни АҚШ Исроилнинг ҳаракатларига қўшилиб, учта асосий объектга — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга авиазарбалар берди. Ҳужумда бункер бомбалардан ҳам фойдаланилди. Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Жон Ретклифф операция Эрон ядровий дастурига жиддий зарар етказганини маълум қилди. Зарбалардан кўп ўтмай АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганини эълон қилди, буни иккала томон ҳам тасдиқлади.
Изоҳ (0)