Исроил армияси 30 июнь куни Ғазо шаҳридаги “Ал-Бақа” кафесига авиазарба берди. Оқибатда 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Ал-Шифо шифохонаси директори доктор Муҳаммад Абу Силмия кечаси берилган зарба оқибатида камида 41 киши ҳалок бўлгани ва 75 киши жароҳатланганини айтган. Исроил мудофаа кучлари ҳодиса “ўрганилаётганини” маълум қилган. Зарба ҳақидаги саволларга яҳудий давлат мудофааси шундай жавоб берган:
“Исроил мудофаа кучлари 30 июнь куни Ғазо сектори шимолида ҲАМАСнинг бир қанча террорчиларига зарба берди. Ҳужумдан олдин тепадан кузатиш орқали тинч аҳолига зарар етказиш хавфини камайтириш чоралари кўрилган”.
“Ал-Бақа” кафеси талабалар, журналистлар ва онлайн ишчилар орасида машҳур. Чунки мазкур объектда интернетга уланиш имконияти мавжуд. Кафе Ўрта Ер денгизи манзарасидан баҳраманд бўлиб ишлаш имконини беради.

Қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалар, жумладан, интернетга уланиш учун кафега келган талабалар бўлган. Шифохоналарда жабрланганларни даволаш учун реанимация ўринлари ва анестетиклар етишмаётгани айтилмоқда.
“Биз жароҳатланганларни шифохона полида даволаяпмиз, чунки хоналар ва койкалар етишмаяпти”, деди шифохона директори.
Ҳалок бўлганлар орасида журналист Исмоил Абу Хатаб ҳам бўлган. Шу тариқа 2023 йил октябрь ойидан бери Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлган журналистлар сони 228 нафарга етган.
Изоҳ (0)