Францияда Янги Каледония деб номланган янги давлат тузиш тўғрисида битим имзоланди. Ҳужжат денгизорти ҳудудининг махсус мақомини белгилайди. Бу ҳақда Politico хабар берди.

Маълум қилинишича, битим архипелагнинг сиёсий ҳаракатлари вакиллари ҳамда Франция расмийлари ўртасидаги музокаралар натижасида Париж яқинидаги Буживал шаҳрида имзоланган. Келишув имзоланганини Янги Каледония келажагини муҳокама қилаётган рақобатчи сиёсий ҳаракатлар эълон қилган.
Франция президенти Эммануэл Макрон Х ижтимоий тармоғида Франция денгизорти ҳудудининг институционал тузилиши бўйича “тарихий” келишув имзоланганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, Янги Каледониянинг сайланган вакиллари иштирокидаги музокаралар ўн кун давом этган.
Франция бош вазири Франсуа Байру ўз навбатида келишувни олқишлаб, бу Франция Конституциясида мустаҳкамланишини таъкидлаган.

Маълум бўлишича, ҳужжат қисман Францияга қарам бўлган янги давлатни ташкил этишни назарда тутади. Янги Каледония аҳолиси алоҳида фуқароликка ва шу боис иккита паспортга эга бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бундан ташқари, янги давлатга ўз халқаро сиёсатини юритиш ваколати берилиши мумкин.
Бироқ ҳужжат кучга киришидан олдин уни Франция парламенти маъқуллаши лозим. Шундан сўнг тегишли референдум Янги Каледонияда ўтказилади.
Таъкидланишича, сиёсий гуруҳларнинг бир қисми Янги Каледония мустақиллигини қўллаб-қувватлаган, бошқа қисми эса бунга қарши чиққан. Пировардида улар муроса йўлини топиб, мухторият мақомида келишишга эришган.
Янги Каледония 1853 йилдан буён Франция ҳудуди ҳисобланади. Бир асрдан ортиқ вақт ўтгач, 1957 йилда барча маҳаллий халқ — канакларга Франция фуқаролиги берилган. 2018—2021 йилларда оролларда учта референдум ўтказилди. Унда аҳолининг кўпчилиги Франция таркибида қолишга қарор қилди. Сўнгги референдумни маҳаллий аҳоли авлодлари бойкот қилди.
2024 йил май ойида Янги Каледонияда оролларда яшовчи французларнинг сайлов ҳуқуқларини кенгайтирувчи қонун лойиҳаси бўйича норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Ҳужжатга қарши чиққанлар уни маҳаллий аҳолининг сайлов имкониятларини заифлаштириши ва Парижнинг таъсирини кучайтириши мумкин деб ҳисобладилар.
Ороллардаги намойишлар тартибсизликлар, талончинлик ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди. Бир неча киши ҳалок бўлди, 300 дан ортиқ киши жароҳат олди. Франция ҳукумати қуролли кучларни жалб қилди, фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Макрон шахсан ўзи Янги Каледонияга ташриф буюрди.
Изоҳ (0)