АҚШнинг Аризона штатида яшовчи фуқаро ўпка вабосидан (пневмоник вабо) вафот этди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Сўнгги маротаба вабодан ўлим ҳолати штатда 2007 йилда қайд этилганди. Ўшанда одам касаллик юқтирган ўлик ҳайвон билан контактда бўлган.
“Қора ажал” номи билан машҳур бўлган вабо XIV асрда Европа аҳолисининг ярмини қириб ташлаган. Бугунги кунда бу касаллик жуда кам учрайди ва уни антибиотиклар билан даволаса бўлади.
Соғлиқни сақлаш идораларига кўра, АҚШда ҳар йили ўртача 7 нафар одамда ўлат (вабо) касаллиги қайд этилади. Ҳозирги ҳолатнинг тарқалиш хавфи паст эканлиги айтилган.
Пневмоник вабо — ерсиниа пестис бактерияси келтириб чиқарадиган оғир ўпка инфекцияси. У бошқа вабо турлари ичида энг жиддий ва хавфлиси саналади. Умуман олганда, ўлатнинг турли шакллари мавжуд. Уларнинг орасида бубонли ўлат энг кенг тарқалган тур бўлиб, инфекцияланган бурга чақиши натижасида юзага келади.
Бубонли ўлатнинг белгилари одатда юқтирилгандан кейин 2-8 кун ичида пайдо бўлади. Унинг симптомларига иситма, титроқ, бош оғриғи, ҳолсизлик ва лимфа тугунларининг шишиши киради.
Изоҳ (0)