Европа Иттифоқи (ЕИ) комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Россия—Украина уруши бошланганидан бери Киевга 165 миллиард евро атрофида ёрдам кўрсатилганини маълум қилди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Еврокомиссия раҳбари Римда Италия ва Украина ҳукуматлари томонидан биргаликда ташкил этилган “Украинани тиклаш” конференциясида нутқ сўзлаган. У Россия—Украина уруши бошланганидан бери Европа Киевнинг энг йирик донори бўлиб келаётганини таъкидлаган.
“Биз 2025 йилда Украинага иттифоқ ташқи молиявий ёрдамининг 84 фоизини тақдим этдик. Ушбу ҳаракатлар доирасида мен Киевга 1 миллиард евролик макромолиявий қўллаб-қувватлаш тўловидан ташқари Украина жамғармасидан яна 3 миллиард евродан ортиқ ёрдам берилишини маълум қиламан”, деган Урсула фон дер Ляйен.
Ушбу конференцияда имзоланган кафолатлар ва грантлар Украинани ривожлантириш ва қайта тиклаш учун 10 миллиард евро атрофида сармоя киритишга йўл очиши таъкидланган.
“Украина билан янги ҳамкорлик хусусий секторда инвестицияларни кўпайтиришда ҳам муҳим рол ўйнайди. Бу тикланиш учун жуда муҳим. Бугун Италия, Германия, Франция, Польша ва Европа инвестиция банки билан Украинани тиклаш бўйича янги жамғарма ишга туширилди. У энергетика, транспорт, муҳим хом ашё ва икки мақсадли саноат тармоқларига инвестиция киритади”, деб қўшимча қилган сиёсатчи.
2,3 миллиард евро ёрдам
ЕИ 10 июль куни халқаро ва давлат молия институтлари орқали Украинани қайта қуриш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 2,3 миллиард евролик янги келишувлар пакетини имзолаганини эълон қилган.
Баёнотда айтилишича, Украина инвестиция дастури доирасидаги янги келишувлар тўплами 1,8 миллиард евро кредит кафолатлари ва 580 миллион евро грантларни ўз ичига олади. Ушбу пакет Украинага 10 миллиард еврогача сармоя киритишга имкон беради.
Ҳужжатга кўра, Украинада
- кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион евро;
- энергетика, транспорт ва ишлаб чиқариш каби асосий тармоқлардаги йирик хусусий сектор лойиҳалари учун 600 миллион евро;
- коммунал инфратузилма учун 520 миллион евро,
- энергетика тизимини барқарорлаштириш ва қайта тикланадиган энергия манбалари қувватини ошириш учун 265 миллион евро,
- муҳим инфратузилмани таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун 310 миллион евро миқдорида кафолат ва грантлар тақдим этилади.
Изоҳ (0)