Бугунги геосиёсий вазиятда Украинадаги можаро музокаралар йўли билан эмас, балки жанг майдонида ниҳоясига етади. Бу ҳақда туркиялик сиёсатшунос, Анқарадаги “Бошкент” университети профессори Ҳасан Унал ТАСС агентлиги билан суҳбатда маълум қилган.

“Менимча, Украинадаги бу уруш музокаралар орқали якунланмайди. У фронт чизиғида тугайди. Мен ўрганаётган маълумотлардан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, Украина армияси ниҳоятда ҳолдан тойган. Кунига 1,6 минг йўқотиш - бундай талафот рақамлари Украина армиясига нисбатан келтирилмоқда. Жанг майдонидаги аскарларнинг ўртача ёши 46 ёшгача кўтарилди. Фикримча, Украина бу ҳолатни узоқ вақт давом эттира олмайди”, деб таъкидлаган сиёсатшунос.
Уналнинг фикрича, маълум бир пайтда Украина Қуролли Кучлари жанг қилиш қобилиятини йўқотади.
“Йирик ҳарбий қисмлар таслим бўлади. Айрим бўлинмалар эса алоҳида ҳудудларда жанг қилишни давом эттиради”, дея қўшимча қилди у.
Профессорнинг айтишича, айрим Европа давлатларининг позицияси туфайли ҳозирги шароитда музокаралар столида келишувга эришиб бўлмайди.
“Агар Европа давлатлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украина масаласидаги нуқтайи назарига қўшилганида, муаммо ҳал қилинган бўларди. Музокаралар жараёни йўлга қўйилиб, шартлар, битим ва кафолатлар муҳокама қилинган бўларди. Бироқ Европа мамлакатлари АҚШга қарамай, урушни давом эттиришга қатъий қарор қилишди. Улар, аниқроғи, айрим давлатлар, хусусан Болтиқбўйи мамлакатлари, Польша ва бошқалар, агар Россия Украинада ўз мақсадига эришса, кейинчалик келиб уларни ҳам босиб олади, деб ўйлашади. Улар шундай фикрдалар ва буни тушуниш қийин. Агар уруш яна бир-икки йил давом этса ва Европадаги ҳозирги ҳукуматлар, айтайлик, кетиб, бошқача қарашга эга янги ҳукуматлар билан алмашса, ўшанда Англия, Франция, Германия каби давлатлар музокаралар йўлини танлаши эҳтимоли бор”, дейди Ҳасан Унал.
Сиёсатшуноснинг фикрича, Европанинг бир қатор мамлакатларидаги ҳозирги ҳукуматлар “либерал фашизм” руҳида иш юритмоқда.
“Бу қарши томоннинг ҳеч қандай далилларини қабул қилмай, фақат ўз ҳақиқатларини ёяётган одамларнинг катта тўдаси. Муаммонинг моҳияти ҳам шунда. Шунинг учун бундай либерал фашизм фашизмнинг энг ёмон кўринишидир”, деди сиёсатшунос.
Изоҳ (0)