Франция президенти Эммануэл Макрон фуқаровий тартибсизликлар ва зўравонликлар кучайиши ортидан Янги Каледонияга боради. Бу ҳақда Ғарб манбаларига таяниб, Al Jazeera нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, Франция ҳукумати Каледониядаги вазиятни барқарорлаштириш учун қўшимча ҳарбий кучлар юбориш тўғрисидаги қарорни имзолаган. Макрон ҳам Янги Каледонияда ҳарбий штаб бошлиқлари билан йиғилиш ўтказиши маълум қилинган.
Каледониядаги Нумеа халқаро аэропорти халқаро рейслар учун ёпилгани маълум қилинган. Бу аэропортдан ҳозирда фақат ҳукумат расмийлари фойдаланмоқда.
Австралия ва Янги Зеландия ҳарбийларига Нумеа аэропортидан фойдаланишга рухсат берилган. Ҳозирда ҳарбийлар ўз мамлакати вакилларини Каледониядан эвакуация қилмоқда.
Янги Каледонияда ҳозирда давом этаётган тартибсизликлар сўнгги 30 йил ичидаги энг йирик ғалаён ҳисобланади. Тартибсизликларни бостиришнинг биринчи босқичида Франция ҳудудга 1500 нафардан кўпроқ ҳарбий киритган.
Янги Каледониядаги Франция давлатини ифода этувчи Олий комиссия Парижга мурожаат йўллаб, 600 нафар қўшимча аскар юборишни сўраган. Париждаги маъмурият талабни қондирган.
Ҳозирда Янги Каледония пойтахти Нумеа кўчаларида блокадалар ўрнатилган. Автомобильлар ва корхоналарга ўт қўйилган. Дўконлар талон-тарож қилинган. Сўнгги суткада 6 киши ҳалок бўлгани айтилган.
Таҳлилчилар Янги Каледония оролида тартибсизликлар юзага келишига бош омил сифатида Париж томонидан оролда сайлов қонунчилигини ўзгартириш тўғрисида қарор чиқарилишини келтирган. Парижнинг тутган йўлидан норози оломон Нумеа кўчаларида ғалаёнлар уюштирган.
Маълумот ўрнида, Янги Каледония Океания минтақасида (Шарқий Австралия ва Полинезия) жойлашган орол мамлакат. Мамлакат расман Франциянинг океанорти провинцияси ҳисобланади. Мамлакат фуқароларига эътиқоди ва этник келиб чиқишидан қатъий назар Франция паспорти берилади. Ҳудуд катта миқдорда никел ва кўмир захираларига бой эканлиги айтилади. Франция назоратидаги ушбу океанорти ҳудуди Австралия ва Янги Зеландия каби қўшнилари билан мустаҳкам иқтисодий алоқаларга эга.
Изоҳ (0)