Европанинг МBDА компанияси яна узоқ масофали SCALP ракеталарини ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу ҳақда Франция мудофаа вазири Себастьян Лекорню хабар берди.

SCALP ракеталари ишлаб чиқарилиши 2025 йилда, бизнинг сўнгги буюртмамиздан 15 йил ўтгач, яна тикланади. Бу Қуролли кучларимизни замонавий қуроллар билан таъминлаш учун зарур, деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, Франция ва Буюк Британия томонидан ишлаб чиқилган SCALP ва Storm Shadow ракеталари Украинадаги урушда ўз самарадорлигини исботлаган.
МBDА — Франция (Airbus), Буюк Британия (BAE Systems), Италия (Leonardo) ва Германиянинг қўшма корхонаси бўлиб, Европадаги энг йирик ракета ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.
Компания апрель ойида рекорд даражадаги юқори талаб фонида буюртмаларни бажаришга улгурмаётганди. 2024 йилда МBDА 13,8 миллиард евролик шартномалар олди ва умумий портфели 37 миллиард еврога етди. Бош директор Эрик Беранже 2025 йилда компания 2023 йилга нисбатан ишлаб чиқаришни икки бараварга оширишини айтди.
Шунингдек, у корхонага француз ҳарбийлари томонидан “кучли босим” ўтказилаётганини таъкидлади. Улар аввалги ишлаб чиқариш цикли уч йилдан ортиқ бўлган Астер зенит-бошқарилувчи ракеталарини етказиб беришни икки йилгача қисқартиришни талаб қилмоқда.
SCALP — Британиянинг Storm Shadow ракеталари билан бир хил бўлган “ҳаво-ер” синфидаги қанотли ракета ҳисобланади. Унинг учиш масофаси модификациясига қараб 250 километрдан 560 километргача ўзгаради. Ракетанинг ўзига хос хусусияти шундаки, у ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини четлаб ўтиш учун паст баландликда (30-60 метр) уча олади. SCALP инфрақизил йўналтириш тизимидан фойдаланади ва юқори аниқликка эга. У қалинлиги 3 метрдан 5 метргача бўлган темир-бетон бункерларни ва бошқа мустаҳкам нишонларни ёриб ўтишга қодир.
Изоҳ (0)