Россияда ўз мақомини қонунийлаштириш учун Санкт Петербургдаги миграция марказига борган ўзбекистонликлар сарсон бўлаётгани, одамлар 3-4 кунлаб навбатда қолиб кетаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Миграция агентлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонасининг маъсул ходимлари миграция марказида юзага келган вазиятни ўрганди.
Мазкур марказда Россия президентининг 2024 йил 30 декабрдаги “Россия Федерациясида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг айрим тоифаларининг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида ишлаш рухсатномасини — патент расмийлаштириш жараёнлари амалга оширилмоқда.
Марказ ходимлари тўлиқ иш режимида фаолият олиб бормоқда ҳамда ҳужжатлар расмийлаштириш белгиланган тартиб ва талаблар асосида ташкил этилган. Шу билан бирга чет эл фуқаролари учун миграция марказининг иш вақти ҳақида маълумот тақдим этилган.
“Видеодаги ҳолатнинг келиб чиқиши фуқароларнинг навбатда туришга риоя қилмаслиги сабабли содир бўлган. Шу боис хавфсизликни таъминлаш мақсадида темир панжаралар ўрнатилган. Бундан ташқари фуқаролар томонидан патент олиш бўйича белгиланган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, видеомурожаатда иштирок этган фуқаролар билан бевосита суҳбат ўтказилиб, уларга ҳужжатларни қонуний расмийлаштириш тартиб-таомиллари ва миграция марказининг ишлаш механизми ҳақида батафсил тушунтириш берилган.
Миграция агентлиги фуқароларнинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва қонуний мақомда бўлиши доимий равишда назоратда эканлигини билдирди.
Россия президентининг фармонига кўра 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳуқуқий ва амалий тартибга солмаган хорижликларга нисбатан чиқариб юбориш ва келажакда Россияга киришни тақиқлаш каби чоралар қўлланилади. Шу сабабли Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонликлар ҳуқуқий мақомларини қонунийлаштириши лозим.
Изоҳ (0)