Буюк Британия Ғазо секторидаги уруш давом этса, Исроилга қарши чораларни кучайтиришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Британия ташқи ишлар вазири Девид Лемми ўт очишни тўхтатиш зарурлигини айтди. Унга “Агар вазият ўзгармаса, Исроилга нисбатан қўшимча чоралар кўрасизми?” деган савол берилганда, “Ҳа”, деб жавоб қайтарди. Лемми, шунингдек, АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган Ғазо гуманитар жамғармаси (ҒГЖ) орқали ёрдам тарқатишнинг янги механизмини танқид қилди.
Биз ушбу ёрдам жамғармасини қўллаб-қувватламаслигимизни аниқ-равшан айтганмиз. У яхши ишламаяпти. Жуда кўп одамлар очликдан ўлиш арафасида. Жуда кўп одамлар ҳаётдан кўз юмди. Биз ташкил этилган тизимни глобал қоралашда етакчилик қилдик, деди вазир.
Сўнгги ҳафталарда ҒГЖ ёрдамига муҳтож юзлаб фаластинликлар Исроил ҳарбийларининг ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлди. 27 майдан буён ёрдам тарқатиш пунктларида озиқ-овқат кутаётган пайтда камида 751 фаластинлик қурбон бўлган, яна 4 931 нафари тан жароҳати олган.
Исроилнинг Ғазодаги амалиётлари халқаро босимга сабаб бўлди
2025 йил 5 май куни Нетаньяху кабинети Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ҳужумни кучайтириш, ҳатто бутун анклавни эгаллаб олиш ва унинг ҳудудларини сақлаб қолиш учун овоз берди. 20 май куни Канада, Буюк Британия ва Франция Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларини кенгайтиришни қоралади ва гуманитар ёрдам етказилишига рухсат беришга чақирди. Шу куни Британия санкциялар киритди, Исроил билан савдо музокараларини тўхтатди ва Ғазо секторидаги ҳарбий операция ва Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларга нисбатан зўравонлик туфайли мамлакат элчисини чақиртирди.
Июнь ойида Буюк Британия Австралия, Канада, Янги Зеландия ва Норвегия фаластинликларга қарши зўравонликни қўзғатгани учун Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ва молия вазири Безалел Смотричга санкциялар жорий қилди. 2 июль куни Исроил Ғазо секторида 60 кунлик ўт очишни тўхтатишга рози бўлди.
Изоҳ (0)