Эрон томонидан Исроилга учирилган дронларни тутиб олишда минтақанинг бир қанча давлатлари, жумладан, Саудия Арабистони иштирок этган. Бу ҳақда Форс кўрфази манбаларига таяниб Israel Hayam хабар берди.

Манбаларга кўра, Саудия Арабистони минтақавий ҳаво ҳудудида, жумладан, Ироқ ва Иордания осмонида дронларни тутиб олувчи вертолётларни жойлаштирган. Баъзи дронлар Исроил томон ҳаракатланишда давом этиши мумкин эди. Бироқ улар Саудия суверенитети таҳдид остида қолмаслиги учун эрта тутиб олинган.
Саудия Арабистони кучли ҳарбий ҳаво кучларига эга бўлиб, у асосан АҚШда ишлаб чиқарилган замонавий қуроллар, самолётлар ва ҳимоя тизимларига таянган. 2017 йилда АҚШ президенти Дональд Трампнинг биринчи президентлик даврида Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан йирик қурол-яроғ битими имзоланган. Бу битим кейинчалик 2025 йил Трампнинг минтақага қилган ташрифи чоғида кенгайтирилган.
Саудия Арабистони расмий равишда ҳужумларнинг олдини олишда иштирок этганини тасдиқламаган. Аксинча, Эрон ҳудудига ҳужум қилгани учун Исроилни қоралаган. Саудия Арабистони ўз ҳаво ҳудудидан Эрондаги нишонларга зарба бериш учун фойдаланишга рухсат бермаслигини таъкидлаган.
Эрон билан кечган 12 кунлик уруш давомида бир нечта давлатлар минтақа осмонини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилди. Улар орасида Иордания ҳам бор. У асосан ўз ҳаво ҳудудида ҳарбий ҳаво кучлари орқали фаолликни кўрсатди, дейилади хабарда.
Шунингдек, Буюк Британия ва Франция ҳам ҳаво ҳудудида операциялар ўтказгани айтилмоқда. Энг фаол иштирокчилар эса Исроил билан биргаликда урушга киришган АҚШ бўлди.
Исроил 13 июндан бошлаб Эронга тинимсиз ҳужум қилиб, унинг ядровий объектлари, мудофаа тизимлари, юқори мартабали ҳарбий амалдорлари ва ядрочи олимларини нишонга олди. Ҳужумлар оқибатида камида 627 киши, жумладан, кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди, деб хабар берди Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
АҚШнинг урушдаги иштироки
22 июнь куни АҚШ Исроилнинг ҳаракатларига қўшилиб, учта асосий объектга — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга авиазарбалар берди. Ҳужумда бункер бомбалардан ҳам фойдаланилди. Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Жон Ретклифф операция Эрон ядровий дастурига жиддий зарар етказганини маълум қилди. Зарбалардан кўп ўтмай АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганини эълон қилди, буни иккала томон ҳам тасдиқлади.
Изоҳ (0)