Эронда Исроил билан 12 кунлик урушда ҳалок бўлган 60 га яқин ҳарбий қўмондон ва ядро олимларининг дафн маросими бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Теҳроннинг Энгхелаб майдонида кўплаб оломон тўпланган. Тобутлар устига қўмондонларнинг портретлари туширилган ва мамлакат байроғи ёпилган.
Эрон-Исроил уруши шу ҳафта бошида АҚШ томонидан ўт очишни тўхтатиш билан якунланганди.
Дафн маросимида одамлар қора кийим кийиб, Эрон байроқларини ҳилпиратиб, ҳалок бўлганларнинг портретларини кўтариб олган. Тадбир олдидан оммавий ахборот воситалари аҳолини бу маросимда иштирок этишга чақирган. Автобус ва метрода ҳаракатланиш бепул қилиб қўйилган. Ҳукумат идоралари бир кунга ёпилган.
Дафн этилаётганлар орасида Эрон қуролли кучлари штаб бошлиғи бўлган мамлакатнинг энг юқори мартабали ҳарбий зобити Муҳаммад Багери ҳам бор. У Исроилнинг Эронга уюштирган зарбаларида ҳалок бўлган хотини ва қизи билан бирга дафн этилади.
Эрон расмийлари урушда мамлакатда 627 киши ҳалок бўлганини айтган бўлса, Исроил Эроннинг ракета ҳужумларидан сўнг мамлакатда 28 киши ҳалок бўлганини билдирган.
Дафн этилаётганлар орасида Ислом инқилоби гвардияси бош қўмондони Ҳусайн Салами, шунингдек, Теҳрондаги Озод университети раҳбари бўлган Муҳаммад Меҳди Теҳрончи каби бир қатор ядровий олимлар ҳам бор.
Изоҳ (0)