Эрон 29 июнь куни БМТ бош котибига мактуб йўллаб, Исроил ва АҚШни 12 кунлик урушда айбдор деб тан олишни талаб қилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Биз хавфсизлик кенгашидан Исроил режими ва Қўшма Штатларни тажовузкор ҳаракатларнинг ташаббускорлари сифатида тан олишни ва уларнинг кейинги жавобгарлигини, шу жумладан товон ва компенсация тўлашини расман талаб этишни сўраймиз, деб ёзган Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи мактубда.
Талабни ўз ичига олган мактуб БМТ бош котиби Антониу Гутерришга йўллаган. Ҳозирча бу талабга Исроил ёки АҚШ томонидан расмий жавоб берилмаган.
Исроил 13 июндан бошлаб Эронга тинимсиз ҳужум қилиб, унинг ядровий объектлари, мудофаа тизимлари, юқори мартабали ҳарбий амалдорлари ва ядрочи олимларини нишонга олди. Ҳужумлар оқибатида камида 627 киши, жумладан, кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги.
22 июнь куни АҚШ Исроилнинг ҳаракатларига қўшилиб, учта асосий объектга — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга авиазарбалар берди. Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Жон Ретклифф операция Эрон ядровий дастурига жиддий зарар етказганини маълум қилди. Зарбалардан кўп ўтмай АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганини эълон қилди, буни иккала томон ҳам тасдиқлади.
Бироқ Эрон расмийлари АҚШ зарбаларидан етказилган зарар минимал бўлганини, Ислом Республикасининг олий раҳбари Али Хоманаий эса Эроннинг Вашингтон ва Тель-Авив устидан “ғалаба қозонганини” эълон қила бошлади. 25 июнда Эрон парламенти МАГАТЭ билан ҳамкорликни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган .
Изоҳ (0)