Тошкент шаҳрида 2025 йил бошидан жиноят содир этиб, тергов ва суддан қочиб яширинганлиги сабабли 2 461 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 860 нафар қидирувдаги шахс ушланган.
Уларнинг 412 нафари 168-модда (фирибгарлик), 123 нафари 169-модда (ўғрилик), 45 нафари гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар, 32 нафари 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 24 нафари 277-модда (безорилик), 17 нафари 166-модда (талончилик), 7 нафари 104-модда (қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 5 нафари 164 (босқинчилик), 165 (товламачилик), 97-модда (қасддан одам ўлдириш)лар ва қолган 185 нафари бошқа моддаларда назарда тутилган жиноятларни содир этган шахслардир.
Яна 29 нафар қидирувдаги фуқаро бошқа давлатларда ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Шунингдек, МДҲ давлатларидан 50 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинган. Улардан 44 нафари Россияда, 4 нафари Қозоғистонда, 2 нафари Қирғизистонда ушланган.
Жумладан, 1980 йилда туғилган I.Ғ. 2009 йил декабрь ойида босқинчилик жиноятини содир этгани учун қидирув эълон қилинган. Қарийб 16 йил давомида қочиб юрган шахс 2025 йилнинг 3 июнь куни Москвада ушланган ва Тошкентга олиб келиниб, терговга жалб қилинган.
Шу билан бирга, 1981 йилда туғилган А.Ф. 2024 йил май ойида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўзгалар мулкини талон-тарож қилганликда айбланиб, қидирув эълон қилинган эди. У 2025 йилнинг 15 апрель куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида қўлга олиниб, Тошкентга олиб келинди.
Бундан ташқари, пойтахт ИИББ Ягона тезкор бошқарув маркази имкониятларидан фойдаланган ҳолда 555 нафар қидирувдаги шахс ушланган. Улардан 399 нафари Тошкентда қидирувга берилган бўлса, 156 нафари бошқа вилоятларда қидирувга берилган шахсдир. Ушбу қидирувдаги шахслар томонидан жабрланувчиларга жами 22 млрд 153 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, шундан 9 млрд 535 млн сўм миқдоридаги моддий зарар қопланди.
Йил бошидан Тошкент шаҳри ҳудудида бедарак кетганлик ҳолати бўйича 3 183 та мурожаат келиб тушган. Ушбу фуқароларнинг 3 148 нафари бир неча соат ичида топилиб, яқинлари бағрига қайтарилган.
35 нафар шахс ҳозирги кунда қидирилмоқда, уларнинг 22 нафари руҳий касалликка чалинган бўлиб, ўзи ҳақидаги маълумотни айтиб бериш имконига эга эмас.
Санкт Петербургда 2021 йилда содир этилган қотиллик учун қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси 28 май куни Салвадордан экстрадиция қилинганди. Ўзбекистонда 9 миллион долларни талон-торож қилишда айбланган шахс Россияда ушланиб, 15 майда Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюроси халқаро қидирувда бўлган жиноятчи аёлни БААдан чиқариб юборганди.
Изоҳ (0)