Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 15 ёшли жиянини 50 млн сўмга сотаётган аёл 20 млн сўм олаётган вақтида жиноят устида ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро вилоят ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, Каттақўрғон туманида яшовчи икки аёл 15 ёшли болани 50 млн сўмга сотмоқчи бўлиб, пул талаб қилаётганини айтган.
Мазкур ариза асосида 11 июнь куни Самарқанд тумани ички ишлар бўлими тезкор қидирув хизмати, жиноят қидирув бўлинмаси ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор қидирув давомида аёллардан бири 20 млн сўм олаётган вақтида қўлга олинди. У Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмаси Самарқанд филиалида тарбияланаётган жиянини сотмоқчи бўлган.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал ҳам шу каби ҳолат кузатилган. Қашқадарёда эр-хотин уй олиш мақсадида бир ҳафталик чақалоғини 190 млн сўмга пуллагани ҳақида хабар берилганди. Тошкент вилоятида бир ёшли ўғлини 9 минг долларга сотишга уринган эр-хотинга суд ҳукми ўқилгани, Самарқандда аёл уй олиш учун 6 ёшли ўғлини 6 минг долларга сотмоқчи бўлганида қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)