Бельгия мамлакат ҳудуди орқали Исроилга ҳарбий юклар ўтказишни тақиқлади. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Тегишли қарор Бельгия суди томонидан Фландрия ҳукуматига нисбатан қўлланган ва у Антверпен шаҳри орқали ўтадиган юкларга тааллуқли бўлади. Қарорга кўра, Исроилга жўнатилган ҳар қандай қурол-яроғ учун 50 минг евро миқдорида жарима белгиланади. Фландрия ҳукумати ҳозирча қарор юзасидан муносабат билдирмаган.
Исроилга ҳарбий техника транзитини тақиқлаш бўйича шикоят июнь ойида 4 нафар фламанд ташкилоти томонидан киритилган. Уларнинг даъво қилишича, Антверпенда Исроилга кетаётган юклар таркибида танк ва зирҳли техникаларда ишлатиладиган махсус конуссимон роликли подшипник тагликлари мавжуд бўлган. Улар Исроилнинг Ашдод шаҳридаги “Ашот Ашкелон” компаниясига юборилиши керак эди. Мазкур компания “Меркава” танкларини ишлаб чиқаради ва улар Ғазода олиб борилаётган ҳарбий амалиётларда ишлатилмоқда.
Бельгия дастлаб 2009 йилда яҳудий давлатига қурол экспортини тақиқлаган, бироқ Фландрия минтақаси шу пайтгача Исроилга юборилаётган юклар таркибини текширмагани аён бўлди. Шундан сўнг, суд Фландрия ҳукуматига ҳарбий техника транзитини тақиқловчи буйруқ беришга қарор қилган. Судья июль ойида бу ҳолатни халқаро мажбуриятларни бузиш деб топган.
Изоҳ (0)