АҚШ давлат департаменти элчихоналар ва консулликларга май ойи охирида тўхтатилган талабалар виза учрашувларини қайта тиклаш мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Эндиликда элчихоналар талаба визаси учун ариза берувчиларни “АҚШ фуқароларига, маданият, ҳукумат ва муассасаларига душманлик муносабати бор ёки йўқлигини” текшириб кўради.
Янги низомга кўра, текширув талаба визаси талабгорларининг ижтимоий тармоқлардаги “онлайн мавжудлиги”ни баҳолайди. Ариза берувчилардан ижтимоий тармоқлардаги профилларини жамоатчиликка очиқ қилиб қўйиш сўралади. Айтилишича, “онлайн мавжудликнинг чеклангани ёки кўриниши маълум бир фаолиятдан қочиш ёки яширишга уриниш сифатида талқин қилиниши мумкин”.
Трамп маъмурияти сўнгги ойларда халқаро талабаларни АҚШга келишдан қайтарадиган ҳаракатларни амалга ошираётганди. У “агрессив равишда” талабалар визаларини бекор қилган ва айнан Гарвард университетини нишонга олганди.
Талабалик ва айирбошлаш визалари расмий равишда F, М ва J визалари деб номланади. Ушбу низом янги ва қайтиб келаётган студентларга тааллуқли бўлади. Унда “абитуриентнинг нафақат ижтимоий тармоқлардаги фаолияти, балки барча онлайн мавжудлигини ҳар қандай тегишли қидирув тизимлари ёки бошқа онлайн ресурслардан фойдаланган ҳолда кўриб чиқиш”, шу жумладан, “консуллик бўлими кириш ҳуқуқига эга бўлган ҳар қандай маълумотлар базасини текшириш” талаб этилади.
Матбуот томонидан низомда “фуқароларга, маданиятга, ҳукуматга ёки институтларга душманона муносабат” нима эканлиги ҳақида батафсил маълумот берилмаган. Таъкидланишича, элчихоналар ва консулликлар 5 иш куни ичида янги низомни амалиётда қўллаши лозим.
Изоҳ (0)