АҚШ президенти Дональд Трамп 7 август куни Савдо вазирлигига мамлакат аҳолисини қайта рўйхатга олиш борасида топшириқ берди. Унга кўра, эндиликда Қўшма Штатларда ноқонуний яшаётган мигрантлар рўйхатга киритилмайди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Маълум қилинишича, сиёсатчи бу ташаббусни 2024 йилги президентлик сайлови натижалари ва сўнгги маълумотлар асосида шакллантиришни истамоқда.
“Мен Савдо вазирлигига аҳолини қайта рўйхатга олиш тўғрисида топшириқ бердим. Бу рўйхат замонавий фактлар ва рақамлар асосида, муҳими, 2024 йилги президент сайлови натижалари маълумотларидан фойдаланган ҳолда шакллантирилишини истайман. Мамлакатимизда ноқонуний яшаётган одамлар бу рўйхатга киритилмайди”, деган Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
АҚШ Конституцияси ҳар 10 йилда бир марта мамлакатдаги аҳолини рўйхатга олишни кўзда тутади. Тарихан рўйхатга олиш жараёнида иммиграция мақомидан қатъий назар, мамлакатда истиқомат қиладиган барча ҳисобга олинган. Трампнинг тегишли таклифи эса бу амалиётда кескин бурилиш ясамоқда.
Мутахассислар президентнинг бу қарорини амалга ошириш жуда мураккаблигини ва бу йирик суд жараёнларига айланиб кетишини билдирган. Шунингдек, Трампнинг 2024 йилги сайлов натижаларидан фойдаланиш ҳақидаги ғояси қонуний ва амалий жиҳатдан асосга эга эмаслиги таъкидланмоқда. Маълумот учун, Трамп ўзининг биринчи президентлик даврида ҳам 2020 йилги аҳолини рўйхатга олиш жараёнига ўзгартириш киритмоқчи бўлган, аммо АҚШ Олий суди бунга қарши чиққан эди.
Изоҳ (0)