Баҳрайн АҚШ иқтисодиётига, тахминан, 17 миллиард доллар миқдорида сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда президент Дональд Трамп билан учрашувда Баҳрайн Қироллиги бош вазири ва валиаҳд шаҳзодаси Салмон бин Ҳамад бин Исо Ал Халифа маълум қилди.

Биз АҚШга йўналтириладиган 17 миллиард долларлик битимлар ҳақида эълон қилишдан мамнунмиз. Бу ҳақиқат. Бу сохта келишувлар эмас, балки реал маблағлардир, деди у.
Аммо бош вазир аниқ қайси лойиҳалар ҳақида сўз бораётганини очиқламади. Баҳрайн валиаҳд шаҳзодаси Трамп билан музокараларда “хавфсизлик, савдо ва инвестицияларга оид масалаларни” муҳокама қилишни режалаштираётганини айтган.
Баҳрайннинг Gulf Air миллий авиакомпанияси Boeing ва General Electric компаниялари билан 7 миллиард долларлик шартнома имзолаши кутилмоқда. Битим 40 та авиация двигатели, 12 та самолёт, шунингдек, яна 6 та лайнерни харид қилиш имкониятини ўз ичига олади.
Баҳрайн ахборот агентлигига кўра, валиаҳд шаҳзоданинг АҚШга ташрифи доирасида икки давлат компаниялари аллақачон 17 миллиард долларлик келишувларга эришган. Хусусан, Cisco Systems компанияси Баҳрайн ҳукуматининг ахборот ва телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш учун рақамли ечимларни тақдим этади. Бундан ташқари, Баҳрайн молия муассасалари ҳамда хусусий компаниялари Америка иқтисодиётига 10,7 миллиард доллар сармоя киритиш ниятида.
Маълумот ўрнида, бу Халифанинг Оқ уйга учинчи бор ташриф буюришидир. Мазкур ташриф Трампнинг май ойида Саудия Арабистони, Қатар ва БААга қилган Яқин Шарққа сафари ортидан амалга ошди.
Сафар давомида бир қатор йирик келишувлар эълон қилинган эди. Жумладан, Қатар АҚШ билан 1,2 триллион долларлик, Саудия Арабистони эса 600 миллион долларлик иқтисодий ҳамкорлик мажбуриятини олган. Шунингдек, АҚШ Саудия Арабистонига 142 миллиард долларлик қурол-яроғ сотиш бўйича ҳам битим тузган.
Изоҳ (0)