Ўзбекистон қонунчилигида 2025 йил 1 июндан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга кирди. Қуйида ушбу санадан кучга кирган асосий ўзгаришлар тақдим этилди.
Йўл чизиқларини босганлик учун радар орқали жарима қўлланилмайди

Йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслик ҳолатларини ҳар қандай махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга йўл қўйилмайди.
Йўлларни таъмирлашга соат 07:00 дан 21:00 гача йўл қўйилмайди
Шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга (дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно) йўл қўйилмайди.

Ҳайдовчилар учун жарима баллари кучга кирди
Йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима баллари “Э-жаримабалл” модули орқали инсон омилисиз автоматлаштирилган тартибда ҳисоблаб борилади. 12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида, кейинги даврда йўл ҳаракати қоидаларини биринчи марта бузгани учун биринчи жарима бали ҳисобланмайди. Жарима баллари 12 баллдан ошган ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Қуйида айрим қоидабузарликлар ва уларга белгиланган жарима баллари миқдори келтирилди
Тезликни оширганлик учун қуйидагича балл ҳисобланди:
- 20 км/соатгача — 0,5 балл;
- 20 дан 40 км/соатгача — 1 балл;
- 40 дан 60 км/соатгача — 1,5 балл;
- 60 км/соатдан юқори — 2 балл.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро визасиз режим жорий қилинди
Икки давлат фуқаролари учун 30 кунга ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим кучга кирди.

Яна уч давлат фуқароларига 30 кунлик визасиз режим кучга кирди
Баҳрайн, Кувайт ва Уммон фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланди.
Автотранспорт воситаларининг электрон навбат тизими жорий этилди
Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларининг электрон навбат тизими жорий этилди. Бунда электрон навбат тизими Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш йўналишида ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситалари учун қўлланади. Шунингдек, давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктлари яқинида кутиш зоналари ташкил этилади.

Талаба қизларга махсус янги стипендия тайинланади
“Қизил” тоифага кирувчи кам таъминланган оилаларнинг “аъло” баҳоларда ўқиётган талаба қизларига базавий стипендиянинг 2 баравари (750 минг сўм) миқдорида махсус стипендия тўланади.

Халқаро фан олимпиадалари ғолибларига тўланадиган пул мукофоти оширилди
Халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларига тўланадиган бир марталик пул мукофотининг миқдорлари 5 бараварга (937 млн 500 000 сўмгача) оширилди.
Кўп квартирали уйларда ҳисоблагичлар мажбурий ўрнатилади
Кўп квартирали уй-жойлар ва биноларнинг ички иссиқлик ва иссиқ сув тарқатувчи тизимларининг қурилиши, иншоотлар ва тармоқларда ҳисоблагичларнинг тўлиқ ўрнатилиши мажбурий ҳисобланади.
Илмий даражага эга айрим мутахассисларга уй сотиб олиш учун ссуда ажратилади
Нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 100 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим ташкилотларида илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган 35 ёшгача бўлган мутахассисларга уй-жой сотиб олиш учун 10 йил муддатга БҲМнинг 2 150 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади.
Фаол ҳаётга қадам дастури жорий этилди
Ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилади. Дастур доирасида қуйидаги 5 турдаги янги ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилади:
- уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш хизмати;
- уй шароитида қараб туриш хизмати;
- тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати;
- кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати;
- шахсий ёрдамчи хизмати.
Дастур доирасидаги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш харажатларининг бир қисми ваучер асосида қоплаб берилади.
Камбағал оилаларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун чегирмалар берилади
Давлат хизматларидан фойдаланиш учун божлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўлашда “сариқ” тоифага киритилган оилаларга 50 фоиз, “қизил” тоифага киритилган оилаларга эса 75 фоиз миқдорида чегирмалар қўлланилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олган тадбиркорларга субсидия берилади
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорларга 50 млн сўмгача субсидия ажратилади. Бунда субсидия сурдотаржимон, психолог ва ҳамроҳлик хизматини ташкил қилиш харажатларини қоплаш учун ажратилади. Жисмоний шахсларга ҳамроҳлик хизматини ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида кўрсатишга рухсат берилади.

Ҳарбийларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитига бериладиган дастлабки бадал ошди
Тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган, 10 йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдори уй-жойнинг ҳисобланган қиймати 35 фоизи миқдорида белгиланди.
Изоҳ (0)